ТИШЛАРИНГНИ ҚОҚИБ ОЛАМАН!.. (воқеий ҳикоя)


Тўғрисини айтсам, икки дўстнинг бир-бирига қилган бениҳоя ёрдами, айни дамда беқиёс хиёнати ҳақидаги ушбу воқеа билганларим ичида энг қизиғи бўлса керак. Марҳамат, Сиз ҳам эшитинг.
Валиқул билан Соли ёшликдан бирга ўниб-улғайишди. Ўсмирликка қадам қўйишганда Валиқул камбағал отасининг қўлтиғига кирди. Унинг тиришқоқлигини англаган Менглиқул ака ўзи ишлайдиган даргоҳга олиб борди. Натижада ўғил тезда электромонтёрлик касбини эгаллади. Шунинг натижаси ўлароқ, топармон-тутармон йигитга айланди. Аммо уйланишга шошилмади. Даставвал ўзига уй қурди. “Москвич” автомашинасини сотиб олди. Кейин тўй харажатлари учун отасига пул топишга ёрдамлашди, оғзини тўлдириб, тишларига тилла қоплатди.
Соли бошқа йўлдан борди. Отаси – селсовет раиси, ўғлини ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Натижада у синфдошларини писандга илмай қўйди. Рости, ўзи кўп ёмон йигит эмасди. Аммо, отаси ўғлини бошқалардан зўрроқ бўлиб ўсишини истади. Негаки, топган тутгани нафақат тўнғичини, балки, изидан эргашган яна уч боласини ҳам боқишга бемалол етиб ортарди. Бироқ, уйдаги гап кўчага тўғри келмайди, деганлар минг карра ҳақ эканлар, Соли йигирма тўртга кириб-кирмай, ота вафот этдию, териб-йиққани икки-уч йилда тугади-қолди. Энди Соли нафақат ўзининг, балки, уч инисининг уйланиши учун ҳам масъул эдики, оёғи куйган товуқдек тўрт томонга зир югура бошлади. Ота давлати отаники экан, қайтиб келмади, ўзи билан қўшилиб кетди. Шунга қарамасдан у Валиқулни кўрганда отдан тушсаям, эгардан тушмас, сир бой бермаслик учун ғурур билан “Қалайсан, монтёр бола?” деб сўрашар, ўша шумлигини йўқотмаган тарзда самимийлик ила “шошмай тур, анави тилла тишларингни қоқиб оламан, ҳали…”, деб қўярди.
Бир куни у нохуш кайфиятда Валиқулнинг уйига кириб келди.
– Кел, ўртоқ, кел! – очиқ чеҳра билан кутиб олди, Валиқул.
– Келдим, дўстим! Анчадан бери гурунглашолмадик… – жавоб берди Соли.
– Қандай шамоллар учирди? – сўради Валиқул.
– Дўстликнинг шамоли-да, ошна… – зўрма-зўраки тиржайди Соли.
Валижон унинг бекорга келмаганини сезса-да, ўзини овсарликкка олиб давом этди.
– Сен келсанг, бошим кўкка етади. Марҳамат ўтир?
– Раҳмат, кўпам вақтим йўқ. Шу десанг, – бироз ўйланиб қолди Соли, – шу десанг, отам давра қилганларига бир йилдан ошди. Энди мундоқ ўйлаб қарасам, бошимда ташвишларим кўп экан. Шунга?..
– Э, нима деяпсан, дўстим, сенинг ташвишинг менинг ташвишим-да, қандай муаммо бўлса, биргаликда ҳал этамиз!
– Уйланмасам, бўлмайди… – туйқус ғамгин қиёфага кирди Соли, – ўзинг биласан, отамдан тўрт ўғил қолдик. Онамнинг айтишларича уйланмасам, турмушимизга барака кирмаскан. Шунга бироз пул сўраб…
Валиқул олдига куймаланиб келган уч яшар ўғлини қўлга олиб, маъқуллади.
– Онанг тўғри айтибдилар, йигитнинг боши икки бўлмагунча, моли икки бўлмайди. Қанча керак?
Соли муддаога ўтди. Валиқул қўшни хонага кирди-да, бир-неча пачка пул кўтариб чиқди.
Солининг кўзлари порлаб кетди. У дўстининг қарз беришига ишонмаганди. Кейин хурсандчилигини билдирмаслик учун салгина жиддий тортди, салгина юқоридан келди.
– Раҳмат, дўстим, раҳмат. Дўст дегани шундай пайтда билинади. Раҳмат. –Сўнг қўшиб қўйди. – Шошмай тур ҳали, манави тилла тишларингни қоқиб оламан.
Шарақлаб кулиб юборишди.
Орадан икки ой ўтиб Соли уйланди. Яна икки ойдан сўнг кутилмаган воқеа рўй берди. Ёмғирли кунларнинг бирида электр симёғочига тирмашган Валиқул ток уриб ўлди. Жанозада Соли ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Дўстини чин дилдан яхши кўраркан, “ошнам-ов!” дея қон чекканини кўрганлар чидолмай, ундан баттароқ “оҳ” уришди. Кейин ҳам Соли икки кун ўзига келолмади. Учинчи куни Валиқулнинг отаси Менглиқул ака уни оҳиста қучоқлади-да, “Раҳмат, иним, сен ҳақиқий дўст экансан. Имоним комилки, ўғлим сендан рози бўлиб кетди”, деди.
Аслида Солининг туну кун “оҳ” уришининг сабаби бошқа эди. У ўшанда Валиқулдан олган қарзини узолмаслигини билганидан тинмай йиғлар, гуёки шундай қилса, дўстининг олдида ўзини оқларди назарида. Ростдан, Қодирқул ака ўғлининг “олди-берди”сидан бехабар эдими, ё чеккан азиятлари эвазига бутунлай воз кечгандими, лоақал бирор марта беш минг(ўша пайтларда бу катта сумма эди)дан оғиз очмади. Бунга жавобан Соли ич-ичидан “Ҳаҳ, номард ошнама, мени ёлғиз ташлаб, қайларга кетдинг. Шошмай тур ҳали, ўша тилла тишларингни бир қоқиб олай-ки…” деб қўйди. Ва туйқус қалбида очкўз бир ҳиссиёт уйғонди. Ростдан ҳам шундай қилса-чи?.. Ахир ўликкка тилло тишларнинг нима кераги бор?.. Сўнг “тавба қилдим…” дея ёқасини ушлади. Ахир, бир дўстнинг шунча яхшилиги каммидики, энди гўрини кавласа.
Барибирам, Соли ўша кеча ухлолмади. Кўзи илиндими, назарида Валиқулнинг кулганда оғзини ёндириб юборгудек ловуллаган қип-қизил тишлари гавдаланаверди. “Ўликка тилло тишларнинг нима кераги бор?” иккинчи марта хаёлидан ўтди унинг. Мабода ўша тишларни мўмайгина пулласа, Менглиқул акага “мана ўғлингиздан олган пулларим дея, қўш қўллаб тутқазармиди?..”
Уйқуси қочган Соли тун яримдан оғганда иккилана-иккилана, ўрнидан турди. Қўйнида ётган гулдай келинчаги бир чўчиб тушувди, “сен ухлайвер, мен тезда қайтаман” деб, устини ёпиб қўйди. Эрининг одатларига ўрганиб қолган Саломатхон бир қиё боқди-ю, пишиллашда давом этди.
Керакли асбоб-анжомларни олган Соли қабристоннинг дарвозасидан кирмади. Чунки, қоровул чол кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқишини яхши биларди. Шунинг учун кишининг назаридан четроқ томонга борди-да, девордан ошиб, йўлни тиккасига солди. Аввалига ўйдим-чуқур гўрларни ошаркан, юрагини аллатовур ваҳима босди. Сўнг яна ўша тилло тишларнинг сеҳрига учдими, ўзини босиб, олға кетди. Ҳали тупроғи қуримаган қабр тепасига келгач, “Мени кечир, дўстим!” деди-да, чўккалаб, тиловат қилди. Аммо, юрагининг бир четида кўкарган қўрқув ҳа демай, енгилмас ваҳимага айланишини сезгач, тиловатини якунламай, ўрнидан “дик” этиб турганча қўлига кетмонни олди. Ҳаш-паш дегунча, гўрнинг тубига етди. Мақсадига эришганидан ичига сиғмай, лаҳад оғзидаги чимларни бир четга улоқтира бошлади. Шу пайт ичкаридан қандайдир товуш эшитилгандек бўлди. Бирдан қотиб қолди. Сукунат давом этавергач, назаримда шундай туюлди шекилли, дея ўзини овутди. Чимларнинг охиргисига узаларкан, ўша садо боз эшитилди. Бирдан бадани музлаб, бошидан ҳуши учди. Яна ўзини қўлга олди. “Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда?” деб бекорга айтишмаган машойихлар. Шундай экан, эсингни йиғ, Соливой, “қўрққанга қўша кўринади…”
Лаҳаднинг оғзи очилиб, ой нурида кафанга ўралган жусса аниқ кўринди. Соли кафанни очгач, ёнидан фонар чиқариб, мурданинг бетига тутди. Ошнаси худди тирикдек ётарди. Бирдан хўрлиги келди, шундай дўстидан ажралиб қолди-я…
Айни дамда Соли ғайритабиий жасорат ила ҳаракатланар, ярим тунда қабристоннинг қоқ марказидаги қабр ичида уч кун бурун дафн этилган дўстининг лоши тепасида турганини унутганди гўё. Кейин бирдан сесканди. Баданида “чумоли ўрмалагандек” бўлди. Зудлик ила бу ердан кетиши лозимлигини ҳис қилди. Дарҳол эсини йиғиб, майитнинг иягини чангаллади. Ёнидан болғани олиб, жағини мўлжаллади. Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди, мурда дафъатан унинг қўлини тишлаб олди. Шунчалик қаттиқ тишладики, Соли беихтиёр бақириб юборди ва ўзининг қичқириғидан ўзи қўрқиб, мурдага назар ташлади. Назар ташладию, жон жаҳди-ла ортига сакради. Чунки, айни дамда Валиқулнинг кўзлари унга маъноли бақрайганча, жуссаси тўлғаниб, қўлларини кафандан чиқаришга уринарди.
Х Х Х
Болта бобо дарвозанинг ожизгина тиқирлашидан уйғониб кетди. Сўнг бир муддат пойлаб ётди. Ўша тиқирлаган садо иккинчи бор эшитилгач, “ҳозир” деганча, ийнига яктагини илиб, ўрнидан турди. Эшик олдига келиб, зулпакка қўлини чўзувди, ташқаридан кимнингдир овози эшитилди.
– Эшикни очмай туринг, Болта бобо!
– Нега? – тушунмади Болта бобо, қулоғига ғира-шира таниш туюлган овоз кимга тегишли эканини билолмай.
– Аввал мени яхшилаб эшитинг. Ҳозир эшикни очсангиз, қўрқиб кетасиз.
– Нима, сен арвоҳмидингки, мен қўрқиб кетсам? – кесатди, Болта бобо.
– Арвоҳдан ҳам баттарман, Болта бобо. Мен тирилган мурдаман. – Садо келди эшик ортидан.
– Тирилган мурдасан? Бекорларни айтибсан. Каримжоннинг ошналаридан бўлсанг керакда-а, шунақа бемаза ҳазиллашиб юришади.
– Каримжоннинг ошнасиман. Аммо, ҳазиллашаётганим йўқ. Ҳозир гўрдан чиқдим.
Болта бобонинг юраги “шув” этди. Чунки дафъатан овоз эгасини таниб қолганди. Бирдан ортига сакраб, беихтиёр қўлига эшик ёпилиб кетмаслиги учун тагига тираб қўядиган яримта ғиштни олди. Сўнг ўзининг қилиғидан ўзи уялиб, ғиштни жойига ташлади. Ёқасига туфлаб, нималардир дея пичирлади.
– Бобо, ўзингизни қўлга олинг. Мен арвоҳ эмасман. Ростдан ҳам тирилиб келяпман.
– Гўрдан қандай чиқдинг, ер юткур? – ўшқирди, Болта бобо.
– Соли бор-ку, ошнам… ўша бориб тишларимни қоқиб олмоқчи бўлган пайт уйғониб кетдим.
Болта бобонинг мияси яшин тезлигида ишлай кетди. Валиқулнинг гаплари ростга ўхшайди. Зеро, ток урган одам ерга кўмиб қўйилса, тирилишини аввал ҳам эшитган. Модомики шундай экан, Валиқул ҳам тирилса тирилибди-да…
– Падарингга лаънат, тирилсанг тирилибсан, аммо нима гуноҳим борки, менинг уйимга келдинг. Тўппа-тўғри ўзингнинг уйинга борсанг бўлмасмиди? Ота-онанг уч кундан бери қиёмат қилиб ётишибди.
Бу туришда борсам отам ҳам, онам ҳам юраклари ёрилиб ўлади. – Ўзини
оқлади Валиқул.
Бирдан Болта бобонинг тепа сочи тикка бўлди.
– Ҳаҳ, падарингга лаънат, мен юрагим ёрилиб ўлсам, майлими?..
– Сизнинг юрагингиз ёрилмайди. Чунки, уйингиз қабристон билан ёнма-ён жойлашган. Ҳар куни арвоҳларни кўравериб, ўрганиб кетгансиз… – жавоб берди Валиқул бамайлихотир.
– Бекорларни айтибсан! Ким айтди сенга мени арвоҳ кўрган деб?
– Ўзингиз айтардингиз-ку.
– Мен ҳеч қанақа арвоҳ-парвоҳ кўрган эмасман. Гурунг учун айтганман у гапларни.
– Шунақа денг? Мен бўлса, ишониб юрибман…
Табиатан сергап Болта бобо ростдан ҳам ундай-мундай гурунгларда қабристонда ғаройиб томоша кўрсатадиган арвоҳлардан гапириб ҳаммани оғзига қаратиб ўтирарди. Ҳозир шу ишларидан хижолат чекдими, ёхуд эртага сири очилиб қолишидан қўрқдими, мавзуни бошқа томонга бурди.
– Бўпти, гапни калта қил. Мендан нима истайсан?
– Хуллас, ҳозир борсам, уйдагиларимнинг юраклари ёрилиб ўлади. Шунинг учун уйингизга кирсамда, эрталабгача ухлаб олсам. Сиз бориб, отамга ҳамма гапни ётиғи билан тушунтирсангиз. Кейин мени олиб борсангиз…
– Устингда кафан-пафанинг борми, ўзи? Ёки ўша Соли жағингга қўшиб, кафанингни ҳам умариб кетдими?
– Аввало жағим жойида турибди. Соли энди қоқиб олмоқчи бўлганида уйғониб кетдим. Қолаверса, устимда кафаним ҳам бор. У ёқ-бу ёғига бироз тупроқ текканини ҳисобга олмаса, яппа-янги…
Болта бобо бироз сукутга толиб, ҳамма томонни обдан ўйлаб кўрди. Сўнг дарвоза ортидаги тирилган мурда бетоқатлана бошлаганини сезиб, оҳиста шивирлади.
– Бўпти, ҳозир деразани очаман, “лип” этиб кириб оласан.
– Эшикни очсангиз нима қилади? – ажабланди Валиқул.
– Эшикнинг ғийқиллашидан болалар уйғониб қолишади, галварс! Бир камим сенинг мурдашуй ювган турқингни болаларимга кўрсатиш қолувди!.. – жеркиб ташлади Болта бобо, – мен ётадиган кулбанинг дарчаси томон жўна. Ўлишингдан беш-олти кун бурун свет ўтказиб бергандинг, ёдингдами?
– Ёдимда… – бурнини тортди Валиқул.
– Кўрпачанинг олдига бирорта кўйлак билан Каримжоннинг суннат тўйида кийган костюм-шимимни қўяман. Дарров ўшани кийиб ол.
– Раҳмат бобо, костюм-шимингиз билан кўйлагингизни эртага қайтараман.
– Бекорларни бештасини айтибсан. Менга янгисини олиб берасан. Бир камим мурда теккан кийимларни кийиш қолувди. Эртага отангнинг уйига бораётганда кафанинг ҳам эсдан чиқмасин. Бирор кун ўзингга керак бўлиб қолади. Тушундингми? Кейин дераза очилгач, дарров кирма, мен чиқиб кетгунча кут.
– Сиз қаерга чиқиб кетасиз?
– Нариги хонага…
– Менинг олдимда ётинг, жон бобо. Ёлғиз қолсам, қўрқаман.
– Уч кун гўрда ётиб қўрқмаган, очиқ дунёдан қўрқасанми? Менга зарилми, тирик мурданинг ёнида ётиб…
Шу гапларни айтгач, Болта бобо оҳиста қадам ташлаб, ортига қайтди.
Х Х Х
Болта бобо маъракали уйга кириб келганда, ҳовлидаги сўрида бир неча қариялар ўтиришар, эшик оғзида эса Валиқулнинг қора чопон кийган уч яшар ўғли келиб-кетувчиларга мунғайиб қараб турарди. Болта бобо буни кўриб, меҳри ийиб кетди. Болани қўлига олиб, “отангни соғиндингми, неварам?” деди. Бола йиғлаб юборди. Шунда сўрида ўтирганлар ҳам уларга эътибор қилишди. Болта бобо болани тишчлантиришга уринди.
– Йиғлама, неварам, йиғлама! Бироз сабр қилсанг, отангни олиб келаман!..
– Ҳой, нима деяпсиз, Болтавой? – қичқирди мулла Мўйдин буни эшитиб.
– Ҳа, энди бола бечора отасини соғинибди, шунга кўнглини кўтардим-да, қувлик билан кўзини қисди Болта бобо.
– Бу одамнинг бемаза ҳазиллари кўп! – деди, сўрида ўтирганлардан бири.
– Ўлик чиққан уйда шунақа гапларни гапириш соғ одамнинг иши эмас! – кескин ҳукм чиқарди яна бири.
Валиқулнинг отаси Болта бобонинг гапларини тўғри қабул қилгандай ҳол-беҳол гапирди.
– Қанийди, айтганингиз келса, Болта ака. Устингиздан зар сочардим.
– Ўйлаб гапир, Менглиқул! Менинг-ку, айтганим ўнгидан келиши мумкин, аммо устимдан зар сочиш сенинг қўлингдан келармикин?.. – сўради Болта бобо, яна кўзини қисиб.
– Бас қилинг шунақа бемаза гапларингизни, Болтабой! – ўшқирди мулла Мўйдин афти башараси қизириб.
Шундагина Менглиқул ака ҳам ўзига келди. Бояги гапларидан хижолат тортиб, аразлагандай бўлди.
– Қўйинг-е, Болта ака, кап-катта одам, хафа бўладиям, демайсиз-а?
– Агар айтганларим рост бўлса-чи?.. – қиқирлаб кулди Болта бобо.
Бу пайтгача баланд-паст гаплар қулоғига чалиниб, уйда уввос тортаётган аёллардан икки-учтаси ташқарига чиққанди.
– Болта бобожон, айтинг, эринг ўлмаган денг! Икки-уч кунга шаҳарга кетган денг, ҳализамон кириб келади, денг! – ўкириб юборди Лобар келин.
– Хоҳласанг, ҳозир кириб келади, фақат йиғини тўхтат! Сен эса Менглиқул, қўрадан битта қўчқор чиқариб сўй! Азани тўйга айлантирамиз.
– Ростдан гапираяпсизми, Болта ака? Мени умидвор қилманг! Агар ўғлим тирилиб келса, битта эмас қўрадаги ҳамма қўйларни сўяман, анави болали сигирдан ташқари барча қорамолларни ҳам сўяман!
– Бўпти, мен кетдим. Фақат келганимда бирортанг қўрқиб, ҳушингдан кетиб қолма! Мулла Мўйдин, тирикни ўлдириш ҳам, ўликни тирилтириш ҳам Оллоҳнинг иши. Сиз ҳам қовоғингизни очинг!..
Болта бобо чиқиб кетгандан сўнг Менглиқул ака бир пас иккиланиб, қўра томонга жўнади. Ортидан мулла Мўйдин қичқирди.
– Сиз ҳам шу майнавознинг гапларига ишониб юрибсизми?
– Ҳа, энди чиқмаган жондан умид дейдилар-ку…
– Ўғлингизнинг жони чиққанига уч кун бўлди!
– Оллоҳнинг карами кенг, мулла Мўйдин!
Менглиқул ака қўрадан семиз қўчқорни чиқариб, невараси келтирган пичоқ билан бўғизлади. Сўнг дарахт шохига осиб, терилай бошлагандики, эшикдан эгнига Болта бобонинг эски костюм-шимини кийган Валиқул пайдо бўлди. Лобар келин бир “оҳ” тортиб, ҳушидан кетди. Изидан Марям опа йиқилди. Уч яшар Азизбек чопқиллаб борганча, отасига осилди. Ёқасини ғижимлаган мулла Мўйдин “астоғфурулло!”ни тинимсиз такрорлай кетди. Унинг ёнида ўтирган икки одам “Ё, қудратингдан!” деб, ўринларидан сакраб турганча, жуфтакни ростлашди. Менглиқул ака дастлаб серрайиб қолди. Кейин қўрага югуриб, бирин-кетин бошқа қўйларни ҳам бўғизлай бошлади. Тўртинчи қўйнинг оёғини боғлаганда, Болта бобо пичоғини тортиб олди.
– Бўлди, битта тўйга шу ёғи етиб ортади. Бор, ўғлинг билан кўриш!
Х Х Х
Менглиқул аканинг уйида ўша куни бошланган тўй роса икки кун давом этди. Учинчи куни қишлоққа туташган тўқайзордан озиб-тўзиб, юз-кўзини яра босган Солини топиб келишди. У ҳовлига кирар-кирмас, Менглиқул ака оёғининг тагига тўртинчи қўйни сўйди. Устига беқасам тўн ёпди. Валиқул эса уни қучоқлаб, қўлига нимадир қистирди.
Раҳмат, Соли! Сендан миннатдорман. Бу – яхшилигинг эвазига. Ўша
беш мингдан ҳам кечдим, ҳалолинг бўлсин! Энди биз бир-биримиздан қарздор эмасмиз. – Валиқул маъюс жилмайиб, ортига бурилди.
Сирли жумлалардаги маънони чақолмаган Соли беихтиёр унинг оғзидан сизиб чиққан қонни илғаб қолди. Сўнг сесканиб, муштини очди. Кафтида Валиқулнинг кулганда оловдек ловуллаб турадиган ўша қоплама тишлари турарди…
Уч-тўрт кундан кейин Соли қишлоқдан бутунлай кўчиб кетди.
Шавкат НИЗОМ.