МУТОЛААДАН КЕЙИНГИ ҚАЙДЛАРИМ

Француз ёзувчиси Эдмонт Абу шундай деб ёзибди: «Цивилизация тарихини олти сўз билан ифодалаш мумкин: қанча кўп билсанг, шунча кўп қодирсан».

Уилям Фолкнернинг ушбу сўзлари қалбимга куч берди: “Инсонни енгиб бўлмайди! Йиқилган бўлса, туради ва қаддини кўтариб олади, ҳали!”.

Азим Суюн ҳам шу матлаб билан нур ўйнаётган уфққа умидвор кўз тикиб, некбин сатрлар битган:

Мен қўшнимнинг боғларидан қарздорман,

Кездим, юртлар тоғларидан қарздорман.

Ватандан жон қарзим бордир – ҳар куним,

Ҳар бир ўтган чоғларимдан қарздорман!

Бу – ҳаётбахш некбинлик. У шундан озиқ олиб, йиллар давомида кўркам бир шеърият яратди. Унда бахшиёна оҳанг, сарбаст шиддати ва ўтли-ҳароратли нафас силқиб туради.

Тоғлик инсонлар қалбини Расул Ҳамзатов каби катта бир самимият ва ёлқинли муҳаббат билан очиб берган.

– Ҳозиргина уздим тандирдан,

Дўстдай ҳамроҳ бўлгайдир, болам!

–Йўловчига чин сидқидилдан

Нон тутади қўшқўллаб онам.

– Ҳой, қўшнижон, келинг бу ёққа,

Айтинг, келсин келинингиз ҳам.

Қаранг, мойдай эрир дудоқда! –

Нон тутади қўшқўллаб онам.–

Ҳа, бу кулча сенинг учун, ҳа,

Ол, буниси синглингга, бўтам…

–Атрофда ким кўриниб қолса,

Нон тутади қўшқўллаб онам.

Оғушидан зар нурин тўкар

Олам узра шамси мукаррам

.Дунё аҳли шундан ўтса гар,

Нон тутади қўшқўллаб онам.