У КУЗ ФАСЛИНИ СЕВАР ЭДИ…(ШОИР БАҲРОМ НОРМУРОДОВ ҲАҚИДА)

САРВАР ТЎРАЕВ

****
У кузни яхши кўрарди. Куз ёмғирининг ёғишини, дарахтдаги оловранг сўнгги япроқларни шивирини, оёқ остидаги барглар шитирини, батамом куз табиатининг ошиғи эди. Мен уни ”Куз куйчиси” дердим.
У кузни доим кутарди, шу боис ҳам, ёзарини айтганида ”Кузни кутиб тураверасизми?-дердим. У доимгидек самимий, ”Албаттада” деб қўя қоларди. У ҳамиша ҳар йили кузга дадил ва ижодий, ҳаётий режалар билан пешвоз чиқарди.
Бу йил ундай бўлмади.
Бу йил кузида унинг ўрни жуда билинаяпти.
Акам, охиратинг обод, жойинг жаннатда бўлсин!.
Баҳром Нормуродов (1981 -2020). Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. «Туркистон» газетасида, вилоят телевидениесида, Термиз давлат университетида фаолият кўрсатган.


Сен кузни ўйлаб топганингда,
Тангрим, ғуссаларни севиб яшадим.
Сен кузни яратганингдан,
Дунёни бепоён атадим…


Эртага тонгда куз келса,
Мени ғафлат босиб қолмай
Ёмғирлар ёғса кутилмаганда.
Кетганларим қайтишини кутгандек,
Онамни соғингандек тўлиб,
Келса, кўзимга бир дарё сели…
Заъфарон дарахт шохларидаги баргдек,
Титрасам худди ер каби.
Бу висол йўли узун,
Они яшалмаган кундек,
Бандасиман-умидворман.
У осмон йўлларининг тиниқ,
Сокин бўйларидан ўтса керак.
Тонг шамолларининг эркалашида.


Кузак кўзларини яширди мендан,
Мен эса у сари бораётирман.
Ёмғир сочларига қўл сололмаган,
Мен эса юзма-юз йиғлаётирман.
Висолга бардошим етмайди бугун,
Нечун тўлқинларнинг ранги заъфарон.
Ўтлиғ нафаслари мисоли олов,
Тугуб қолмасмикан келгунича март.
О, қандай йўллардан қадам босиб мен,
Юрагимга таслим келаётирман.
Қўлимда гулларим кузакка тутиб,
Унинг кўзларидан кетаётирман.
Боғ сокин, йўл сокин, шитоб хисларим,
Кўзимда ранглари қоришди дуннинг.
Ҳавода осиғлиқ турганидай барг,
Заминдан кўк уза қўлимни тутдим.
Токим тийрамоҳим панжаси жонсиз,
Фақат кўзларида менинг аксим бор.
Менинг ҳаётимда куз бунча узун,
Мен эса севгимдан кетаётирман.
Худойим, не алвон, не сирли кузак,
Совуқ-сориғ бармоқларин ўпаётирман.
Кўзларин кўрмадим, десам қўллари
Титроқдан бўзлашин сезаётирман.


Куз оғир оёқларин судраб,
Шамолнинг измида кетмоқда юпун.
Йўлак панжаси-ю товонларида
Олов ёқмоқдами ноласи гулгун…


Куз узоқ қолдинг, боғ аро узун,
Юрагим кузакка етоласанми?
Видолиғ мунгларим бўғзимда синиқ,
Бугун хаёлимдан кетоласанми?

БАҲРОМ НОРМУРОДОВ