ДИЛ ИЗҲОРИ

( Барча мени таниган-билган қадрдонларимга,

дугоналарга бағишладим.)

*** *****

Сизга қалбим қўшиб бердим бир шаҳар,

Меҳрлим, моҳирсиз,чапдаст, сафарбар,

Минг йилда топган ул дўстим деганлар,

Қачон телефон қилсин сизни деганлар?!

Айтинг энди: “Дилда Мажнунча ҳаво,

Бошимда-чи тождир одоб ва ҳаё”.

Ичдан йиғласа ҳам юзи кулганлар,

Қачон телефон қилсин сизни деганлар?!

Илиниб яшайман ҳар не неъматни,

Дастурхон ёзсам ҳам унинг ўрни бор.

Минг йиллар қалбимда яшаган дўстнинг

Исмини айтаман тилимда такрор.

Балки мен керакман унга шу топда,

Балки дардларига топарман дармон.

Унга бирор тикон санчилса агар,

Менга унинг зарби қиличдан ёмон.

Меҳрлим, бир лаҳза ишингиз қўйинг,

Дийдор мактубига қўйинг дастхатлар.

Дардим айтсам тинглаб, дарддошдек суйинг,

Осмондан ёғилсин илоҳий хатлар.

Ахир ёнингиздан ўтиб боряпман,

Оқса -ортга қайтмас дарёман, дарё.

Қирғоқда қолманг ҳеч гулдаста тутиб,

Эгасиз гулларга эгадир дунё.

Гуллар ташлаб кетган қирдай ёлғизман,

Қадрлим, қўшиққа сиғмайди дардим.

Гарчи туюлсам ҳам доим сўнгсиз ман,

Бир кун изласангиз топилмас гардим.

Тонгдан оқшомгача гуллар биланман,

Кўнглим кўрсин-баҳор, гулни деганлар.

Дўстим, жоним садқа ҳар сўзингизга,

Қачон дийдорлашсин сизни деганлар?!

*****

ШАРОБИНГМАН

Сен ичмайин маст бўлганинг-шаҳду шакар шаробингман,

Зулайҳодек тийнати ул ишқи арзон харобингман.

Карбало дашти уза излама девонавор,

-Мен Ажам мулкида битта ажри йўқ аъробингман.

Исмингни айтиб хуш бўлдим, ақлидан жудо қуш бўлдим,

Сенингдек соқий қўлинда қадаҳда ул тар обингман.

Қалбимда унди кимёлар, кўзимдан оқди дарёлар,

Ул дарё сувини тараб, ғамингда бир миробингман.

Кўзингга термулиб турсам, ул тушни менга ман этма,

Оҳ, Адам мулкида Қайсга кўринган ҳур саробингман.

Магарки, дўсту ёрингни дийдор бозорига солсанг,

Баҳоси тошча ҳам турмас, сойларда ул серобингман.

Майману исмингни айтиб, найга айланди бу бағрим,

Қамишларга куй ўргатган офтобзада туробингман.

Эшигингни қарс ёпганинг, юзимни арзон топганинг,

-Нечун менга сабоқ бўлмас, нега ҳамон шаробингман?!

Ишқ-имтиҳон, баҳойингни Ҳофизлар ҳам беролмаслар,

-Деворларда осиғ қолган, кўнгли синиқ рубобингман!…

13.08.2020 йил.

Гуландом Тоғаева

https://t.me/shoira_Gulandom