Константин Паустовский билан саёҳат
(ёзувчи меҳнати ҳақида ўйлар)
Карантиндан топган имкониятларимдан бири, вақтимни ўз ихтиёримга топширишимда бўлди ва жиддийроқ мутолаага киришаяпман. Тобора шу пайтгача ўқиганларимни юзаки ҳазм қилгандекман, ҳеч қайси асарни ўқимаганга ўхшайман.
Аслида икки хил ўқувчи бўларкан:
- Китобхон (бу тоифадагилар кўп китоб ўқимайди, декин руҳиятига яқин ва саноқли асарларни синчиклаб, қаҳрамонлар билан бирга яшаб ўқийди).
- Китобхўр (бу кабилар эса ўқийди, аммо уқмайди ва шахсий кутубхонасига тинмай китоб ташмалайди, ўқиган асарлари ҳақда китобхонлар билан фикр алмашмайди. Лекин, фалон асарларни ўқиганман дея мақтаниб, ёзувчининг умр бўйи ёзган романидан чиройли бир жумлани келтириш билан чекланади, холос).
Мен ҳам 2-тоифага киришимни сезиб қолдим. Қўлимга биринчи бор китоб олгандек “Олтин гул” (адабий портретлар)ни вароқлашни бошладим.
К. Г. Паустовский ҳақида кўпчилик билса керак, “Романтиклар”, “Товланган булутлар”, “Колхида”, “Ҳаёт ҳақида қисса” каби бир нечта асарлар муаллифи. Ўзбек тилида “Йироқ йўллар” ва “Олтин гул” (Э.Носиров таржимаси) асарлари чоп этилган.
Паустовский дастлаб шеър ёзган ва нимадир туртки бўлиб, ёзувчи бўлишга аҳд қилган. Шеър ёзишдан тўхтагач ўн йил ҳеч нарса ёзмаган, ҳаттоки кундалик ҳам қораламаган. Фақат атрофни, жамиятни ва одамларни кузатиш билан машғул бўлган. Бу синчков кузатувлар эса унга жуда катта муваффақият олиб келган. Натижада бир-биридан самимий ва ўта дилгир асарлар ёзишга эришган. У нафақат ўз истеъдодини тўғри йўналтира олган, балки бошқа ўткир қалам соҳибларини ҳам пухта ўрганиб чиққан ва уларга ўз эътирофларни ҳам баён этган.
“Олтин гул” ҳам ана шу эътиборлар натижасида мароқ билан ўқиладиган, хотира-эсселарни ўзида жамлаган китоб. Бу китоб орқали қатор адиблар билан мулоқот қилгандай бўлдим; Чеховнинг уйида адабиёт ҳақида суҳбат қуриб, Мария Павловнанинг қўлидан қаҳва ичгандай ёки Иван Бунин билан болаликдан бирга катта бўлгандайман. Яна унда Мопассан, Гоголь, Гюго, А.Грин, М.Горький, М.Пришвинларнинг асарлари таҳлили, ижод йўли ва шахсияти ҳақида фикр-мулоҳазалар келтирилади. Ҳеч бир манбада учрамайдига маълумотларни йиғиш учун, Паустовский атоқли шоир ва ёзувчилар, Лермонтов, Блок, Эдуард Брагинский, Юрий Олешаларнинг барча асарларни пухта ўрганиб чиқади. Уларнинг туғилган жойларига бориб, яқин қариндошлари билан суҳбат қуради ва кутилган натижадаги асарни ўқувчиларга ҳавола этади.
Менга энг ёққанни Андерсенга бағишланган “Тунги дилижон” эссеси бўлди. Унда адиб қаламига мансуб, биз ўқиган (ёки болаликдан томоша қилиб улғайган севимли мултифильмларнинг,) эртакларнинг қандай яратилганлиги ва Андерсеннинг қисқача ижодий машаққати акс этган: “Андерсен ўрмонда юриб, эртак тўқишни севарди. Унинг кўзи ўткир, бамисоли микроскопдай эди. Шу важдан у бир парча пўстлоқ ёки кекса қарағайга тикилиб, шунақанги нарсаларни кўрардики, улардан осонгина эртак тўқиса бўларди.”
Пушкиннинг ўзга хос бир хусусияти бўлган экан, у асар ёзаётганда бирор жойи ўхшамай қолса, ортиқча тўхталиб ўтирмай, ўша ерни очиқ қолдириб, у ёғини ёзиб кетавераркан. У илҳом деб аталган руҳий кўтаринкилик яна қалбини забт этганда ўша очиқ қолдирилган жойларни тўлдиришга киришаркан, ҳеч қачон илҳомни зўрма-зўраки келтиришга интилмаган экан.
Достоевский ўзи ҳақида, – камбағаллигимдан шошилинч ёзишга мажбурман, пул учун асар ёзиш уни албатта жувонмарг қилиш демакдир, – деган экан.
Лермонтов шеърларини тўғри келган нарсага ёзиб кетавераркан. Ёзадиган нарсаларининг бари унинг миясидан тайёр бўлганлиги учун бетўхтов ёзиб ташлайверган экан.
Толстой илҳомни “қайнаш” дея ўйлаб, – агар қайнасам тез ёзаман, одам қайнамаса борки, унда ёзишни йиғиштириши керак, – деб таъкидлаган экан.
Француз шоири Беранже фақат ҳашаки қафвахоналардан бирида ижод қила оларкан. Эренбург ҳам қаҳвахонада ёзишни ҳуш кўраркан, чунки қайноқ оломон орасида ёлғиз ўтирсанг, албатта ҳеч ким хаёлингни бўлмаса, жиғингга тегмаса, бундан яхши танҳо ижод қилишлик ҳеч қаерда топилмайди.
Қисқаси, севимли адибларим ва уларнинг асарлари ҳақидаги қимматли манбаларни ўқиш жуда завқли кечди. “Олтин гул”га ҳали қайта-қайта мурожаат қилсам керак. Унга сари, улуғ ижодкорларнинг қанчалик азобланганини, не-не машаққатлар билан ёзилган қалин жилдли китобларини ўқиб, қўлга қалам олишга ҳам уялиб қоларкансан киши. Қанчалик майда эканингни, улар олдида нақадар ожизлингини ва атроф тўла сен каби ҳаваскорларни кўриб, нима ҳақда ёзишга ҳам ўйланиб қоларкансан.
Назаримда, мана шундай чин истеъдодларни кузатиб, жимгина ёзганларингни кулбангдан ташқарига кўтариб чиқмасдан, яхши китобхон бўлиб қолиш, энг маъқул йўл бўлса керак.
Муҳаммад Сиддиқ