СЕНИНГ САҲИФАНГГА

1
Бир гўзалнинг юзига минг эҳтиёжим бор,
Ишқ устурлобида рашкдан ривожим бор.
На билсин ғофилу бедил соғинчдан нолалар қилсам,
Сочининг атрига нолон сенингдек бир меърожим бор. …

2
Неча кунки сизсизман,
Кўкда офтоб ҳам хира.
Ҳолим сўрайди барча,
Кўнглим топилмас сира.
Неча кунки сизсизман,
Хаёлларим паришон.
Гўё оёқ- қўлсизман,
Бефайз ҳатто каҳкашон.
Неча кунки сизсизман,
Қувонтирмас баҳор ҳам.
Кўнглимни очолмайди
Мен севган сериал ҳам.
Фақат дардимга малҳам
Сиз юрган ул кўчалар.
Дайди шамоллар эса
Ишқингиздан куй чалар.
Бунча жўшқин, бунча шўҳ,
Баҳоройнинг сувлари.
Мени севдирди дўстнинг
Чиройли орзулари…
3

Тошкентда қор, кўнгилда баҳор,
Бу баҳорнинг эгаси сенсан.
Мени шунча севдириб қўйиб,
Нечун телефон қилмайсан, жимсан?!

4

Етти қават бу осмон,
Беш юз йиллик йўл экан.
Уни яқин қилгувчи
Севилган кўнгил экан.
Сен қуёшсан, келасан,
Ҳар тонг шуъла,ўт бўлиб.
Яшаяпман шунчаки
Ёнингда унут бўлиб.
Беш юз йиллик йўлга ҳам
Дуом бормай қолмайди.
Фақатгина бир дилга
Севгим етиб бормайди.
5
Севгувчи йўқ мени бунда
Дунёсига алданганман.
Инсонликнинг ажиб кибру
Ҳавосига алданганман.
Умрим атрин сочдим елга,
Гуллар уни ҳидлармикан?
Асли меҳри йўқ зотларнинг
Даъвосига алданганман…
6
Эслаш- кўришдан ортиқ,
Кўриш-суйишдан ортиқ.
Дийдорингга сел бўлиш-
Бахтга тўйишдан ортиқ.

7
Бу ўткинчи дунёда
Гоҳи шоҳ гоҳ ғарибман.
Етти дунёни кезиб
Мен сизни ахтарибман.
Ишқ-тегирмон айрилди
Буғдойиму сомоним.
Шу кўзларга муносиб
Бўлиш ёлғиз армоним…
8
Очилиб-сочилиб юргин боғларда,
Ишқинг юрагимда ғолиб чоғларда,
Бунча чиройлисан, ширин, ўктамсан,
Яйраб юрай десам менга сен камсан…

9

Ошиқлик-ёнингдан кетолмай қолиш,
Ҳар тонгда исмингни айтиб уйғониш,
Ишқ-бу фироқ билан баҳру байт экан,
Висол-тушларингни сувга айт экан.
Сен нурсан, осмондан бахт бўлиб тушган,
Мен тонгман, шуълани ҳовучлаб ичган.
Мен сени соғиниб келдим дунёга,
Юр кетдик тоғларга –Сурхондарёга!

Гуландом Тоғаева