ЗУЛФИЯ МЎМИНОВАДАН ГЎЗАЛ БИР ШЕЪР


АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ…

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Деманг, юрибди-ку кулиб жилмайиб.

Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,

Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Гар кўзлари кулиб турса-да,

Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,

Ой юзлари кулиб турса-да,

Кўнглини кўтaринг ҳеч бўлмаганда,

Қўлини силашга шарофат топинг.

Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,

Ёшини артишга мурувват топинг.

Ногоҳ ерга тушса оппоқ рўмоли

Босиб ўтмасликка шафоат топинг,

Чақалоқ ялаган этакларини

Тоза деб айтишга адолат топинг.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг

,Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.

Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин.

Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг.

Иллоҳи нур топинг, ҳидоят топинг.

Иллоҳи бахт берган аёл ёнидан.

Бахтиёр ўтмоққа иноят топинг.

Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ кўрғонсиз,

Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин,

Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз.

Итлар тишламасин юраккинасин.

Аёлга бахт беринг, саодат беринг .

Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,

Аёлга бахт беринг, саодат беринг .

Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да..

Зулфия Мўминова