ИЖОБАТ БЎЛГАН ДУО

… Покистонлик Доктор Ишон Ҳусайний кўрсатган хизматлари учун халқаро тақдирлаш маросимига кетаётган эди. Самолётга чиқди. Об-ҳавонинг ёмонлиги туфайли самолётни яқин орадаги аэропортга қўндиришга мажбур бўлдилар. Кейинги самолёт эса 16 соатдан кейин учиши керак эди. У бундан жаҳли чиқиб, “Мажлисга албатта етиб боришим лозим, 16 соат кута олмайман”, дея бақирди. Аэропортда вазифасини бажараётган ишчилар унга кетаётган шаҳри бу ердан 6 соат узоқликда эканини, хоҳласа ижарага машина олиб, у ерга кетавериши мумкинлигини айтдилар. Доктор шоша-пиша йўлга чиқди-ю, аммо аксига олиб йўлда ҳам шиддатли ёмғир қуя бошлади. Селнинг қаттиқлигидан йўлда ҳеч нарса кўринмас ва машина ҳам қимирлай олмайдиган ҳолга келди.Доктор йўл юзидаги эски бир уйнинг эшигини тақиллатиб, ўзини ичкарига отди. Уйнинг ичида бир кекса аёл ўтирарди. Докторнинг ҳовлиқиб “Менга телефон беринг, бир жойга зудлик билан қўнғироқ қилишим лозим” деганини эшитиб, юзига табассум югурди ва шундай деди: “Кўрмаяпсанми ҳолимизни болам, бу ёқларда на телефон, на электр токи бор. Кир ичкарига, бир оз дамингни ол, овқатлан, чой ич, ундан кейин ишларингни ҳал қиларсан”. Доктор чорасизликдан аёлнинг айтганларини қилди, бир оз исиниб, овқатланди. У чойини ичиб бўлгунча кекса аёл намозини ўқиб, узун-узун дуолар қилди. Буларни диққат билан кузатиб турган доктор, аёлнинг бир бешикни тебратаётганини ва бешикда бир гўдак ҳаракатсиз ётганини кўриб, “Онажон, бу кимнинг боласи, тинчликми, нима сабабдан кўз-ёшлар билан дуо қилдингиз?”, деб сўради. Кекса аёл эса “Бу менинг ҳам ота, ҳам онасидан етим қолган неварам, оғир ҳасталикка чалинди, бу атрофларда ҳеч қайси шифокор чора топа олмади. Ишон Ҳусайний деган бир доктор бормиш, фақатгина у бир чора топа олади деб айтишганди. Бироқ, у жуда ҳам узоқда бўлгани учун, жигарбандимнинг ишини осон қилсин дея бир неча кундан бери Аллоҳга илтижолар қиламан…”, деди.Доктор Ҳусайний кўз ёшларини тўхтата олмай, “Ўрнингиздан туринг онажон, Аллоҳ дуоларингизни қабул қилди. Сизнинг дуоларингиз осмондан чақмоқ чақтириб учоқни ҳам ерга қўндирди, селлар оқизди ва ниҳоят мени сизга йўллади, доктор Ҳусайний менман онажон. Аллоҳ Ўз бандаларининг истакларини шундай ҳолда бажариб қўйишига иймоним комил бўлди. Бутун йўлларингиз тўсилиб қолган тақдирда ҳам, осмонлар-у ерни яратган Зотга сиғининг. Унинг марҳамати дуо биландир”, деди.

Ҳикоя интернет манбаларидан олинди.