КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР

Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, инсон тараққиётга интилади. Нимадир яратади, ниманидир кашф қилади. Ненидир бузиб, ненидир тузатади. Замонлар ўзгаради. Авлодлар ўрин алмашади. Аммо инсон ҳаётининг маъноси ўзгармайди.

Инсон бу дунёда ҳамиша ўз-ўзига буюк саволлар бериб яшашдан чарчамаслиги керак. Чунки буюк саволларсиз инсон онгида буюк фикрлар ҳам туғилмайди. Буюк фикрларсиз инсон камол ҳам топа олмайди. Тўғри, ҳаёт инсонни турлича сийлайди. Кимдир енгил-елпи йўлдан юриб адашиб қолади, кимдир эса оғир ва машаққатли йўлни танлаб охири ўзи ўйлаган мақсадга эришади. Эҳтимол, ҳаётда инсонга мукофотлардан кўра ҳаётдаги зарбалар кўпроқ учрар. Негаки, инсон камолот чўққисига фақат турли синовлар орқалигина кўтарила олади.

Сен ҳаётга нима берсанг, ҳаёт ҳам сенга ҳаракатинга яраша жавоб қайтаради. Ҳаётнинг негизини ҳаракатчанлик ва фаолиятлилик ташкил этади. Инсон ўзи қандай ҳаёт тарзини танлайди? Албатта, оддий, табиий, меъёрий ҳолда яшашни афзал билади. Бундай ҳаёт тарзини бизга ҳаётнинг ўзи кўрсатиб беради. Бизга узоқ яшаш имкони берилган. Бироқ бундан тўғри фойдаланаёт-ганлар бор ёки эгри фойдалаётганлар бор. Афсуски, бу узоқ яшаш имконини инсоннинг ўзи “қирқади”. Қадимги хитойликларнинг бир нақли бор: “Агар сен ҳаёт йўлингда ҳеч қандай қийинчилиг-у тўсиқларга учрамаган бўлсанг, демак, сен ҳали инсон сифатида ўз ўзлигингни тўла англамагансан яъни одам бўлмагансан.” Аммо бу ҳаёт фақат қийинчиликлардан иборат, дегани эмас албатта. Лекин машаққатларсиз ҳам ширин ҳаёт йўқ.

 

Ҳаёт сабр-матонатли буюк устоздир. У инсонни қайта-қайта синаш ва сабоқ беришдан чарчамайди. Ҳаёт эса инсонга фақат бир маротаба инъом этилади.

Бундан унумли фойдалана билиш, ҳар бир инсоннинг ютуғидир. Агар у ҳаётдан ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама сабоқ олса, бундай инсоннинг хулқ-атвори, ички олами, маънавий дунёси ўзгаради ва ҳатто ташқи кўриниши ҳам гўзаллашади. Агар инсоннинг маънавий дунёси ўзгармаса, у ўқиган билан уқмаган бўлаб қолаверади. Кўп нарсани билиш ва ўрганиш фойдадан зарар эмас. Ахир билиш инсонга бахт, саломатлик, маҳсулдорлик олиб келади ва кўплаб оғир ҳаётий сабоқлар олиш заруратидан қутқаради-ку. Маъно-мантиқ ҳам худди ана шундадир.

Луқмони ҳакимдан: «Ҳикматни кимдан ўргандинг?» деб сўрадилар. Луқмони ҳаким:
— Ҳикматни кўрлардан ўргандим, чунки улар қадам қўядиган ерларини сезмагунларича юрмайдилар,— деб жавоб берди.
Зеро, инсонларга чиройли дўст бўлиш ақлнинг ярми,
Билмаганни чиройли сўраш илмнинг ярми,
чиройли тадбир қилиш ҳаётдаги бахтнинг ярмидир. Шоира Нодирабегим айтганидек,
Мақсадинг на эрди жаҳона келдинг,
Кайфиятингни баён этиб кет!…