НОЁБ ИСТЕЪДОД СОҲИБАСИ ЭДИ…

БОР ЙЎҒИ 31 ЙИЛЛИК УМР. САНЪАТДА ЎЗ ОВОЗИНИ ҚОЛДИРГАН ДИЛНУРА ҚОДИРЖОНОВА.

Эрта баҳорда, ердан қор курпаси йиғиштирилгани ҳамон боғу далаларни қоплаб, яна кўклам қайтганидан, яна борлиққа ҳаёт бағишловчи сахий қуёшни кўрганидан шукрона келтиргандек сиёҳранг кўзчаларини осмонга қаратган бинафшаларни кўрганмисиз? Бу беғубор баҳор гуллари ўзларининг тириклигидан, яшамоқ, ҳаёт завқидан ҳузурланиб, борлиққа гўзаллик тақдим этиш умидида товланадилар. Муҳаббатли қалбларга дунёни гўзаллик асраши ҳақида сўзлаётгандек майин тебраниб, атрофга жилмайиб боқадилар. Шу лаҳзаларда сиз уларни шамоллардан, баҳорнинг довуллари-ю, ёмғирларидан асрагингиз келади. Беғубор япроқларига ғубор қунмаслигини истайсиз.Уларни мангу омон сақлаш иложини қидирасиз. Ахир улар шу ҳолича гўзаллик, муҳаббат, илоҳий инъоят… Мана шу ҳисларни кўнглингиздан кечира олган бўлсангиз , бизнинг Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонова билан боғлиқ нурли , ёруғ, гўзал хотираларимизни ҳам тушуна оласиз. Ўзбек санъатига Дилнура Қодиржонова “чақмоқдеқ ёриб эмас”, балки камтарлик ила кириб келган бўлса-да, илк қўшиқларидаги сирли оҳанглар, дилрабо хонишлар билан мухлислар эътиборини тортган эди. Унинг қўшиқларини тинглаётган кишининг қалби қувнаб, руҳи юксалиб, вужуди офтоб оташини ҳис этгандек бўлар эди. Дилнура Қодиржонова чин маънодаги ижодкор, санъатдан бахт топган ижрочи эди. Зеро, унинг бахти халқ меҳри, эл олқиши, одамлар эътибор бўлгани рост. У санъатдан, саҳнадан шуҳрат эмас, ижоднинг чинакам сеҳри-ю, завқини, илҳоми-ю, ҳузурини қидириб яшади. Дилнура Қодиржоновани санъатга қизиқиши ёшлигидан, аниқроғи , боғча ёшидан бошланган. У 1976 йили 6 январда Андижон вилояти Избоскан туманидаги Чувама қишлоғида таваллуд топган. Болалик йилларида бобосининг мусиқа асбобларини чалишга қизиқарди. Дилнурадаги қобилиятни пайқаб қолган бобоси, мусиқий билим ва қўшиқларни етарлича ўзлаштириши учун унга барча шароитларни яратиб беради. Дилнура бобосидан дутор чалишни ўрганди. Шундан сунг мумтоз қўшиқларни ҳам ижро эта бошлади. Унинг изланишлари, қизиқиши, фидойилиги бекор кетмади. Мусиқий билимлари ҳақиқий истеъдод билан уйғунлашиб, энг юқори ноталарда қўшиқ куйлаш имконига айланди. Ўзининг биринчи дипломини эса 1993 йилда Андижондаги “Камолот-1993” танловида ўзбек ҳофизларининг қўшиғини ижро этгани учун қўлга киритган эди. Тинимсиз меҳнат, мумтоз ижроларга муҳаббат, санъатга бўлган фидолиги боис 2003 йили “Шарқ тароналари” ҳалқаро фестивалида 1 ўрин соҳибасига айланди. Дилнура Қодиржонованинг мусиқий қобилиятини ҳамма тан олган бўлиб, бунинг натижасида обрў-эътибор, ҳурмат ва пул келган бўлса ҳам, оилавий ҳаётда ҳаммаси унчалик равон бўлмади. Дилнура 17 ёшида ҳамқишлоғига турмушга чиқади. 1995 ва 1998 йилларда эса иккита қизлари – Диёра ва Шаҳризода туғилади. Аммо кейинчалик эр-хотин орасига …. Шу тариқа, 10 йилдан сўнг, 2003 йилда Қодиржонова турмуш ўртоғи билан ажралиб, қизлари билан Тошкентга кўчиб кетади. Худди ўша пайтларда “Шарқ тароналари” танловида ғолиб бўлгани учун $7 минг мукофот олган эди, ўша пулга Чилонзор даҳасидан уч хонали квартира сотиб олади. Ва шу ерда яшашни бошлайди. Дилнура Қодиржонова ўшанда энди 27 ёшда эди… Дилнура Қодиржонова одамлар билан суҳбатда ҳамиша самимий эди. У танқидга ҳам тўғри муносабатда бўлиб, қуруқ мақтовларни ёқтирмас, қўшиқларнинг ҳаққоний малакали таҳлилини тан олар эди. У ижро этган тароналарни эшитиб, истеъдодига тан бермай иложимиз йўқ. Дилнуранинг яна кўпчиликка маълум бўлмаган қирраси – яхшигина дизайнер тикувчи эди. Санъат саройларида тақдим этган яккахон концерт дастурларида кийган барча либосларини ўзи яратган. Ниҳоятда туғри сўз, адолатли, ҳамиша ҳақиқат тарафда бўлган санъаткор ўзгалар ижоди, ютуқларини тан олишни ҳам билар эди. Дилнура Қодиржонова қўшиқ танлашга жуда катта масъулият билан қараган. Сийрати ҳам, ташқи қиёфасига монанд гўзал эди. Унинг ички оламида мужассам бўлган барча яхши фазилатлар тасвири ҳулқ-атвори, нигоҳларида мужассам эди. “ Яхшилик қилиб яшамоқлик – саодатли яшашдир”, дея , ўзгалар суюнса, суюниб, куюнса куюнарди. У ҳамиша яқинларига ёрдам қўлини чузишга тайёр турадиган инсон эди. Дилнура Қодиржонова деганимизда кўз олдимизга энг дилбар ва иболи, камтар ва вазмин, юзларидан нур ёғилиб турган ўзбек аёли қиёфаси жонланади. Унинг ҳар бир чиқишлари томошабинга жуда яқин ва ишонарли эди. Чунки у ҳамиша сохталикдан қочиб, табиий кўринишга ва самимий яшашга интилган … Хотира инсоннинг энг катта бойлиги. Унинг борлиги учун ҳам кечани унутмаймиз. Эртани тассаввур қилишимиз учун имкондир. Эл учун хизмат қилиб, халқ санъатини бойитиш учун жон койитганларни эса унутмайдилар. Мана шундай ардоққа арзиганлар қаторида Дилнура Қодиржонова ҳам бор… Ўтганларни хотирлаб туриш эса биз тириклар учун ҳам фарз, ҳам қарз. Бекорга айтишмайди – “марҳумларнинг илинжи – тирикларнинг оқибатида”, деб. Яхши сўз… яхши иш қилолган киши. Демак, мана шундай инсонлар асло ўлмас экан. Дилнура Қодиржоновадан яхши қўшиқлар ва яхши нолишлар қолди.

Эл суйган хонанда 2007 йилнинг 12 сентябрида 31 ёшида бу фоний дунёни тарк этди. Бироқ унинг бетакрор овози ҳаёт бўстонида мангу жаранглаб туради. Мумтоз қўшиқларни эъзозлаган, сирли наволардан ҳузур топган, бетакррор хонишлар сеҳрини ҳис этган ҳар бир мухлис Дилнурани унута олмайди. У ўзи ижро этган қўшиқлар ичра ҳамиша тирик …

Қисқа сатрларда :* 1996 йилда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов конкурси совриндори;

* 1998 йилда Республика бўйича ўтказилган Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султоновлар конкурсида биринчи ўрин билан тақдирланган;

* 2003 йилда “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндори;

* 2003 йилда “Шарқ тароналари” бешинчи халқаро фестивалида 1-ўрин совриндори;

* 2004 йилда “Йилнинг энг яхши мумтоз қўшиқ ижрочиси” дипломи билан тақдирланган;

* 2004 йилда унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони берилади. Унвонни шахсан Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов топширади;

* 2005 йилда “Анъанавий қўшиқларнинг энг яхши ижрочиси” деб тан олинган;

* 2006 йилда эса “ Мумтоз қўшиқларнинг энг яхши ижрочиси” сертификатини олган;

* 2007 йилда “Йилнинг энг яхши қўшиқ ижрочиси” дипломи билан тақдирланган;

* 2007 йилда Тошкент Давлат консерваторияга магистрант бўлиб киради ва маҳоратини ошира бошлайди;

* 2007 йилнинг 12 сентябрида эса бу фоний дунён тарк этади.

Насриддин Асриддинов