* ****
Кўпдан кутдим кузатсам зора,
Лабларингнинг ҳаракатини.
Тангрим сенга лутф этиб берган
Сукут сўзлар баракотини.
Фироқ ичра кўпдан интиқман-
Дилда ёнар исмсиз бир ўт.
Кўнгил фақат сенга интизор,
Юрак айтар сен учун дуруд.
Муҳаббатнинг минг бир куйи бор,
Бор қайғумни ичга яширдим.
Ҳар зарраму ҳужайрамгача
Борлиғимни куйга топширдим…
*****
Умидим, умримга ярашган,
Умидим, кунларим мазмуни.
Кўзлари бахт ила сўрашган,
Энг ширин дамларим афсуни.
Умидим, умримга ярашган
,Орзуйим, яширин армоним.
Бўйлари офтоб-ла бўйлашган,
Кулгуси дардимга дармоним.
Умидим, кўзлари суюнчлим,
Кўрсат, киприкларинг кўрайин.
Кўзим устида бўл ҳар доим,
Кел, киприк ўрнида кўрайин,
Эй дўстим, умримнинг чиройи…
*****
Ҳеч қалбни сенчалик истамаганман,
Ҳеч кимга сенчалик очмаганман дил.
Ишқ дардин мардларга чиқарган экан,
Соғинчдан юрагим кул бўлди буткул.
Ол, кузнинг серҳашам неъматларини,
Қишнинг пок қорлари, нози ҳам сенга.
Офтобни интизор-интизор кутган
Қор гулидек қўнсам иссиқ эгнингга.
Самарқандними ё Урганч берайин,
Юлдуз тўла сават, ол ганж берайин.
Сенга ошиқ шоҳу пиёдалари-
Дунёи ажибдек шатранж берайин.
Фақат айт, кўксингни эзган сир нима,
Дилинг тилмоқдасан ким учун шеърда.
Ҳеч кимса севолмас сени менчалик,
Айт, бундай ишқ йўқдир энди ҳеч ерда.
Сўзласанг, сўзингдай асал топилмас,
Кўнглингдай сирга кон масал топилмас.
Ишқингда беморлар сафини кўргин,
Соғинчдан мен каби касал топилмас…
** * **
Сени умид билан яхши кўраман,
Сени деб тўкилган кўз-ёш ҳам ширин.
Шу боис кўчангда маъюс тураман,
Сен гўзал сиримсан очиқ-яширин.
Шу етти рақамни тераман тинмай,
Мен бахтсиз ҳеч сенга эмасман лойиқ.
Ҳатто бир “алло”га арзимайману,
Фақат сенинг ҳақда орзум чиройлик.
Қишларга бермаган баҳоримсан сен,
Кўчангда тош бўлай, босмасдан ўтма.
Умримнинг энг ширин саҳарисан сен,
Илтимос, юрагим тўридан кетма!
** ***
Тахайюрнинг кафтида
Тағайюр доналабди.
Қушим, юлдуз териб е,
Тафаккур доналабди.
Кўкка етмади бошим,
Фиғоним-нолам етди.
Расул оёғига бош
қўймоққа олам етди.
Чашмимнинг савағичи
Кунни саваб,тўн этди.
Ва уни киймоқликка
Оламни маҳкум этди.
Суфим гирибодидан
Руҳимға алами етди.
Мен етмаган чиройга
Биргина қалам етди.
14.02.1992 йил.
*****
Мен шоирми?…(Чўлпон).
Жуволдиз инида жовидон яшар,
Қиёматгача маст маҳобат –башар,
Менинг салотиним қабоғи қақшар
-Мен шоир бўлдимми…
Мен шоир бўлдимми Бедил хумини
Ўксиган шаробдан асраб-аритиб,
Ухлатиб юрибман кўнгил дамини
Хаёлнинг енгига аритиб-аритиб.
Мен шоир бўлдимми шеърим бошоғи
Чумолиларга ем бўлган дунёда.
Йўқ бўлса осмоннинг узун сиртмоғи
Бош олиб кетайин Сурхондарёга.
Ўлган бўлса агар жаннатий бўса
Уни тирилтгани келдимми?
Рост сўз гар тошлар ютган қиз бўлса
Мен ҳам шоир бўлдимми…
18.01.1991 йил.
*****
ҲАЁТДАГИ КАМЛАРИМ
Бирма бир тарк этмоқда,
Кўнглимнинг одамлари
.Кундан кунга ортмоқда
Ҳаётдаги камларим.
Ақл, сабр, куч, ишонч-
Шу тўрт устун-умидим.
Ярашиғинг йўқ эй дил,
Юрак, севгин дебмидим?!
Асрлар шамолида
Қолиб кетмас дамларим.
Ҳали бўлади унут
Ҳаётдаги камларим.
Ўзи саҳро бўлганлар
Кимга майса тутолар.
Ҳушёрликни на билсин
Бахтлари уйқудалар.
Кўп аламли эмасдир
Армонлар билан ўтсанг.
Энг ачинарлиси шу-
Курашишни унутсанг.
Гарчи, санасалар йўқ
Фалони рақамларим.
Кимларгадир ютқизиқ-
Ҳаётдаги камларим.
Умр-тун, ёқай унда
Тугагунча шамларим.
Ағёр, қолмасин сизга,
Айтмаган саломларим.
Ҳали кам, ҳали ярим,
Сиз кутган ул дамларим!
Бахт тезлигин оширар,
Ҳаётдаги камларим !…
Гуландом Тоғаева