ЛЕЙЛА МУСТАФАСАЙЯР ДАН ҲАЁТИЙ ҲИКОЯ:
ФАРИШТАДЕК АЁЛ ЭДИЛАР…
ИСТАТХОН ИСМЛИ АММАМ БОР ЭДИЛАР… Дадамнинг вафотларидан кейин бир ҳафта ўтиб Домодедово шаҳри,Москвада орттирган таниш билиш,дўстларга дастурхон ёзиб,Қуръон тиловат қилишни ният қилдим.Аллоҳга беҳисоб шукр. Айтганларим, эшитганлар келишди.Гўзал қироат, амри маъруф,дилдан суҳбат,дилбардорликлардан анча енгил тортдим.Дадамни кўрмаганимга бир йилдан ошиб қолган эди.Соғинч…Армон…Алам…Ўша кечаси бошимни ёстиққа қўярканман,Қодиру Қудрат Аллоҳдан дадамни ҳеч бўлмаса бир марта тушимда кўришимга имкон беришини сўрадим.Яхши туш кўрдим ўша кеч.Фақат тушимда дадажонимни эмас,аммамни кўрдим.Истатхон аммамни.Аммагинам…Бирмас,икки бора фарзанд доғида куйган аммагинам…Истатхон аммам менга бир шоҳкосада мижжаба -мижжа тўла ҳолва берибтилар.Лавз ҳолва!Мен болаликдан яхши кўриб,суйиб ейдиган ҳолва!Тушда кўрилган ширинлик яхшиликдан,ризқ насиба ошмоғи,ҳаёт яхшиланмоғидан дарак.Уйғониб кетиб,қайта ухлолмадим.Хотираларимнинг қат-қатидан аммам билан боғлиқ хотиралар қалқиб чиқаверди,қалқиб чиқаверди… Аммам дадамга жуда жуда ўхшардилар.Ҳамма қариндош уруғлар ён-веримизда,битта Истат аммам узоқда,қишлоқда яшардилар.Бибижоним ҳикоя қилардиларки,бобом аммамни камбағалроқ бўлсада имонли,диёнатли ва ориятли кишининг ўғлига бибимнинг қаршиликларига қарамай узатган эканлар.Сабаби у киши бобомга шундай деган эканлар:-Сизнинг остонангизга қизингизни сўраб боришни орзу қиламан.Аммо сиз мендек хоксорга қизингизни бермас бўлсангиз,ўғлимнинг йигит боши хам бўлишидан кўнглим хавотир Мулложон.
Бобом ниҳоятда художўй,фаришталик инсон эдилар.Ҳасан бобом эсимни танибманки доим симоби салла ўраб юрар,намозларини канда қилмасдилар.саллаларининг бир учи елкаларига довур осилиб турарди.Мошгуруч соқоллари қарийб кўксига тушган,оқ юзли,яноқлари гулоби туслик қоматбаланд,шонадор киши эдилар бобом.Бобом эса шу соф дил билан қилинган иқрорлик сабаб -Боринг,қизимни худо истаган бўлса сизнинг ўғлингизга бераман.Бахтли қизим Бағдодда деган эканлар, дея розилик билдирибтилар.
Хуллас, Истат аммам Маҳмуд язнамизга турмушга чиққач, ўша рўзғорнинг паст- баланди,бор йўғига кўниб яшай бошлабтилар.Мол боқиб, қўни -қўшнига кўрпа-ёстиқ, дастурхон-сўзана тикиб бериб бир сўмни икки сўм қилиб,бинойидеккина шу оилага қуйилиб-қоришиб яшай бошлабтилар.
Мен эсимни таниганимда Истат аммамнинг ўнта фарзандлари бор эди. Аммамникига бориш биз болалар учун байрам эди.Каааааттта қозонда тўлдириб ўчоқда қилинган овқат,косалар тўла чалоб,ҳар бири қарийб кўндаланги бир қулоч келгувчи қип-қизил тандир нонлар ва албатта дадам учун аталган бир коса лимо-лим қаймоқ!Дадам қаймоқни болаликларидан яхши кўришларини айта айта аммам юмшоқ нонни дадамнинг олдиларига сурадилар.
-Жиянларингизга ҳар куни музлаткичда бир коса қаймоқ бўлсин.Жўрабек келиб қолсалар қаймоқ емай кетмасинлар дейман.Ҳа,айтгандай яна икки косани олиб қўйибман.Олиб кетасиз.Саҳарда енг ука.Саҳарда ейилган қаймоқ куни бўйи одамни тўқ ва тетик тутади.
Дадам аммамга меҳрлари товланиб,ним кулимсираб қараб турардилар. Аммам бизникига меҳмонга келсалар ҳам тўлиб тошиб келардилар.Дадам аммам олиб келган қаймоқни мақтаб мақтаб ердилар.Уйларига кетмоқчи бўлганда дадам шахсан ўзлари олиб бориб қўярдилар Истат аммамни.Оппоқ Волга автомашиналарининг олдига ўтқазардилар ҳар доим.
Опаларининг соддаларча «виқор ва кеккайиб »ўтиришларидан дадам завқланиб кулар,аммам эса бошларини баланд тутиб юзларига жиддийлик ифодаси акс эттириб бошлиқлардек ўтирардилар.Аммам хотирамда доим битта кўйлакда муҳрланиб қолган.Ҳаворанг крепдишинда пушти ғунчалар ям яшил баргчалари билан кўрк бағишлаб турган оддий,ўзбекона бичимдаги кўйлакда.Қизлари Саодат опам бир кун беозоргина,юмшоққина танбеҳ берганлари ҳам хотирамда.
-Онажонимеееееейййй…Шундан бошқа кўйлагингиз йўқми аааа?
-Бор!Нега бўлмас экан?!Шу кўйлагимни яхши кўраман.Буни…Бу кўйлагимни…-аммам кўзлари порлаб,юзлари табассумдан ял ял ёнади.-Бу кўйлагимни Жўрабек олиб берган!
Ҳақиқатда кўйлакни дадам совға қилган эканлар.Буни анча кейин билдим.Онам касалхонада ётганда аммам онамни кўргани борган эканлар ўшанда.Тасодифан келиб қолган дадам аммамни уйларига келтириб қўймоқчи бўлсалар, аммам магазинга киришлари кераклиги,невараларига қанд -қурс,рўзғорларига зарур мош,гуруч,ёғ олишлари кераклигини айтибтилар.Дадам билан яқин ўртадаги магазингача боришибти.Ўша магазинни ҳалигача ўша эски номи билан-«РАЙМАГ»деб аташади бухороликлар.Ўша ердаги газмоллар бўлимида сотилаётган матоларни кўриб аммагинам кўзлари яшнаб кетибти.
-Вуууууйййй….Мана бу гирбишин(крепдешин демоқчи)ларни қаранг Жўрабек. Язнангиз(поччангиз)ойлик олсалар келиб уччала хилидан ҳам оламан. Жуда чиройли экан…
Ўшанда дадам йўқ дейишларига қарамай уч хил крепдишин олиб берган эканлар аммамга.Ҳокисоргина аммагинам икки кийимлигини қизларининг сепига қўшиб қўйиб,биттасини ўзларига кўйлак тиккан эканлар.Шу кўйлакларини укам олиб берган дея авайлаб,мақтаниб кийиб юрган эканлар.
-Опамга худди мен дунё олиб бергандек қувонганларини кўрсанг қизим-дея ҳикоя қилгандилар дадажоним.
Аммамнинг тўнғич қизлари,Саида опамнинг бахт тўйини яхши эслайман.Опам оддий оқ парчадан тикилган ўзбекча бичимдаги кўйлак лозимда,бошида «Садбарг»нусха зардўзи дўппи ва дўпписи устидан нафис тўр рўмол ташлаб олган эди. Юзида асло пардоз йўқ.Терилган майсадек қошлари қоп қора,киприкларида кўз ёшлари ялтираб турибти. Бирам чиройли,бирам дилбар…Куёв эшикдан кириб келаётган маҳал дир- дир титрагани эсимда.
-Ман уяламан…Бегона бир йигит билан даврага етаклашиб чиқишга,одамлар кўзи олдида туришга уяламан ахир…Нуқул шу гапни такрорлаганди қип-қизариб кетганча.Тўйи давомида гоҳ унсиз,гоҳ ҳиққилаб,гоҳ ўксиб йиғлаганди.Онам охири бориб сўрадилар.
-Нега йиғлаяпсан бунча Саида?
-Уялиб кетяпман янгамулложон.
Эҳ дунё!Мана шу уятдан йиғлаган ҳалол ва пок Саида опамдан кейинчалик бир суюқ оёқни афзал кўриб кўнглини ранжитди поччамиз.
“-Сен даладан бошқа ерни кўрмаган қишлоқи!-“менсимади поччамиз.Ўзидан кейин тўққизта укасига қараш,рўзғор юмушларига онасига кўмаклашиш, беш ёшиданоқ идиш товоқ ювиш зиммасига юкланган опам ҳақиқатда далада ишларди.Сингиллари бариси олий ўқув юртларини битиришди.Саида опамни аммам ўзлари яккадастликлари, рўзғор юмушларига ёрдамчига муҳтожликлари сабаб ўқишга қўймаган эканлар.Хиёнатлар очиқ ойдин бўлгач,жуфти ҳалоли ярим кечда елкаларида тиш изи билан келгач,гоҳ умуман келмай ҳатто хижолат ҳам бўлмай қўйгач Саида опам…ўз жонига қасд қилди.Тандирда нон ёпиб турган маҳали поччамизнинг навбатдаги таҳқирига чидолмай устига керосинни шундоқ қуйиб ўзи нон ёпадиган тандир ичига ўзини отибти…Тандир ичида гуриллаб ёнаётган фаришта билан бирга ишонч,муҳаббат,соф туйғулар ёнди ўшанда.Юрак юракдан чиққан чинқириқ оғриқданмиди ёки аламдан?…Аммам чўкиб қолдилар шундан сўнг.Ғазабга минган дадам поччани хоҳ қонун,хоҳ бошқа йўл билан ҳар кўйга солишга қудратлари етарди.
Аммам унамадилар.
-Невараларимнинг отаси-да у, Жўрабек укажон.Қолаверса қудачилик.Қўйинг ,майли…Одил ҳакам худо! Поччамга одил ҳакам одиллигини қилди!Ҳеч кимса тил забондан қолиб,итдек ангиллаб худодан ўлимини тилаб ётмасин асло.Маргни ҳам осон қилсин экан… Аммамнинг тўққиз қизларидан еттиси бахтидан тинди.Яна бир қизлари худди опасидек нописандлик,менсимасликка учраб рўзғори бузилди.Ўшанда ҳам аммам бир оғиз на ёмон сўз,на қарғиш тилларидан учмади.
-Ҳар не бўлса неварамнинг отаси.Ўғлим деб худонинг олдида тан олганман.Жони соғ бўлсин.Ҳақ одил ҳакам.Шундай дея яна Энг Олий Ҳакамга ҳавола қилдилар аммам.
Жияним эса бошқа турмуш қурмади.Гарчи сўраганлар беҳисоб эди.Биттагина ўғлини оқ ювиб оқ тараб Ҳақ йўлидан чалғимади.Меҳнат қилиб уйлар солди,келинлар қилди.Ҳозир ўғлини кўринг!Салобати,амали,рафторини кўринг!Ҳавас қилса арзигулик.Давлатдан ҳам,ақлдан ҳам худо берган.Кўз тегмасин жиянимга!Менсимаганлар эса…Олий ҳакам яна ҳақиқатда олий ҳакамлигини кўрсатди.Аллоҳим ҳар мусофирини ризқини бериб,кўча куйда маст -аласт беманзил тентиратиб қўймасин экан…
Азизларим!Мен аммамни мақтамоқчи эмасдим.Шунчаки аммам мисолида опанинг укага меҳрини,қуда андачиликка оқибат ва ҳурматини,куёвларига иззатини ибрат қилиб кўрсатгим келди.Атрофингизга қаранг!Истатхон аммамга ўхшаганлар ҳаммамизнинг ён атрофимизда бор.Лекин негадир мана шу инсон тимсолли фаришталар сояда,эътиборсизликда яшаб ўтадилар.Биласизми нима учун?Чунки уларда иззатталаблик йўқ.Гина кудрат,кин йўқ.Оламларга сиққулик одамгарчилик,оқибат,меҳр бор муштдек юрагида уларнинг.Куёви билан судлашган,куёвининг ёқасини йиртиб қудалари билан борики ёмон сўзларни айтиб аюҳаннос солиб урушиб юрганларни кўрганимда аммамнинг дадамга айтган гаплари қулоғим остида жаранглайди.-Жўрабек!Албатта куёвингизни ўрнингиздан туриб кутиб олинг ва туриб кузатинг укажоним!Ахир азалдан эшитганимиз бор:ПАЙҒАМБАРИМИЗ КУЁВЛАРИНИ ИЗЗАТ ҚИЛГАНЛАР!
ЛЕЙЛА МУСТАФАСАЙЯР