МУНИР ЛАҲЗАЛАР…

Умрнинг маълум бир даврига келиб, ўтган ҳаётингга, кўрган-кечирганларингга жиддий назар ташлар экансан, ўзинг ҳаётда ҳамфикр, самимий йўлдош бўлган азизларингни алоҳида ёдга оласан киши. Айни шу хотиралар сенга таскин беради, шу билан бирга юрагингга маҳзунлик ҳам олиб келади. Айниқса, у инсонлар ҳозирда ҳаётни тарк этишган бўлса.
Мен учун кўп йиллар “Assalom, O’zbekiston! ” дастурида бирга ишлаган устозим, меҳрибон ва самимий инсон Насиба Мақсудовани эслаш осон эмас. Зеро,устозим Насиба опам ҳақларида жуда чиройли хотираларим бўлсада, мавриди келса ёзарман дейман ҳамиша.Насиба опам асли олий тоифали сухандонликдан чиққан етук журналист эдилар. Ижодий тасаввурлари ниҳоятда кенг,ҳозиржавоб,меҳнатсевар,барчага ибрат бўлишга лойиқ инсон эдилар.
Устоз билан жуда кўп ижодий сафарларда бирга бўлдик, бетакрор суҳбатлар, бебаҳо дўстлар даврасида фикр алмашдик, қанчалаб кўрсатувлар тайёрладик, ишимиз оғир, аммо ўзимиз учун жуда шавқли эди.Тонгни кечага улаган пайтларимиз ҳам кўп бўлар эди. Аввалги пайтларда ҳозирги замонавий аппаратлар қайда дейсиз. Устознинг ўзини тутиши, кийинишидан тортиб одамлар билан муомаласигача алоҳида мактаб эди. Чунки, Насиба опамнинг руҳониятида ўзгача бир файз бор эди, нурли чеҳраси ҳамиша кулиб турар эди. Уни ўлкамизнинг қайси гўшасига бормайлик, етти ёшдан етмиш ёшгача юртдошларимиз ўзгача меҳр, ўзгача самимият билан кутиб олар эди. Устоз ҳам шу элни, шу юртни жуда севар эди,урф-одат, қадриятларини тарғиб-ташвиқ қилар, ўзбек элининг санъати ва гўзал хислатларини ҳар бир кўрсатув, ҳар бир лавҳа орқали бериб борар эди. Аслида ҳар бир жамиятнинг ўз жавҳарлари бўлади, улар мисоли юрак танани тутиб турганидек, жамиятни, юртни, унинг борлиғини ўз тутумлари, ҳаётий позициялари билан юксак мавқеда “ушлаб турадилар”.
Одамлар улардан андоза олишади,ундай инсонларга эргашишади,
уларнинг одамийлик ҳақидаги талқинларига таянишади. Насиба Мақсудованинг
“O’zbekiston “, “Mening yurtim ” телеканалларидаги ҳар бир чиқиши ана шундай ибратли ва мазмунли, дилкаш эди. Унинг ҳамиша томошабинга айтадиган ўз гапи, ўз ўгити бор эди. Ҳазилни жуда ўринлатар эдилар, кези келса, қизиқ-қизиқ воқеаларни айтиб барчамизни кулдирар эдилар.
Шогирдларининг барчасини бирдай яхши кўрар эди. Кези келса, ўринли танбеҳларини ҳам эшитганмиз. Ҳасанбой Сатторов исмли истеъдодли ҳамкасбимиз Насиба опамнинг чуқур меҳр қўйган шогирдларидан бўлиб,у киши ҳам сафарларда кўп бирга йўлдош бўлган.
Олис қорақалпоқ элининг овулларида, Амударё этакларида, Андижон далаларида, Сурхон кенгликларию Хива қалъаларида, Қўқон шаҳри қадамжоларида устоз билан бирга юриб, кўрсатувлар тайёрладик, эл дардига қулоқ тутдик, қувончларига дилдош бўлдик.
Кўпинча ишхонамиз эшиги ёнида у кишини йўқлаб келгувчилар кўп бўлар эди. Насиба опамни “барча муаммоларимизни ҳал қила олади,” деб ўйлашар эди кўплар. Опа ҳам қўлидан келган ёрдамини асло аямас эди. Шикоятчиларга эринмай қулоқ тутар, йўл-йўриқ кўрсатар эди. Бир куни қўли юпқа бир киши опадан “телевизор олиб беринг,” деб келгани эсимда. Ўшанда устоз унга каттагина пул бериб юборган эдилар. Баъзи пайтлар ижодий гуруҳимизнинг тушлиги ҳам опанинг ҳисобидан бўлар эди. Қўли очиқ, самимий, ғийбатни билмайдиган, бировга озор беришни хаёлига ҳам келтирмайдиган устоз эдилар улар. Умрининг охирги йилларида “Дийдор ширин ” лойиҳаси билан элга яна бир карра танилди.Аммо афсуски,устозимиз етарли даражада қадрланмади,бирорта унвон насиб бўлмади.Аслида, ижодкор учун элнинг меҳри-муҳаббатидан ортиқ унвон йўқ.
Ўзининг серқирра истеъдоди билан эл қалбидан чуқур жой олди. Барча соғинган, йиллаб кўрмаган турли соҳа санъаткорларини, шоиру ёзувчиларни, таниқли ўқитувчи, ва шифокорларни бир даврада жамлаб, дилтортар суҳбатлар, концертлар уюштирди.
Охирги тайёрлаган “Diydor shirin”нинг Янги йил дастурида уни томоша қилар эканман,
юздан ортиқ юртимизнинг” “юзи” бўлган таниқли инсонларни бир даврада жамлаганларини кўриб,опанинг салоҳиятига,
ташкилотчилигию истеъдодига яна бир бор тан бердим.Ва ич-ичимдан бундай дастурни тайёрлаш осон бўлмаганлигини чуқур ҳис этдим.Бундай кўрсатувнинг машаққати қанчалик оғир


бўлишини кўрганман. Бу ижодкор учун катта жасорат эди. Кейин эса, бир-икки кун ўтгач, нохуш хабар эшитдим. Аммо ниҳоятда яшовчан, мукаммал асосга эга дастур бўлиб қолди бу кўрсатув.
Устоз Насиба Мақсудовадан ўнлаб шогирдлар, чиройли кўрсатувлар, бадастур ўғил-қизлар, бетакрор хотиралар қолди. Афсуски бешафқат ўлим устозни орамиздан бевақт олиб кетди.

Устозимга қанча айтилмаган раҳматларим,
қанча айтилмаган меҳрли сўзларим қолди.

Бугун-12 апрел таниқли сухандон ва журналист Насиба Мақсудова таваллуд топган кун.
Устоз 1948 йил,12 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган эдилар. Илоҳим устозимизнинг жойлари жаннатда бўлсин,охиратлари обод бўлсин!

Гуландом Тоғаева