КЎНГИЛ ЖАВОҲИРЛАРИ ЁХУД НУРХОН ЭЛМИРЗАЕВА ИЖОДИГА ЧИЗГИЛАР


Инсон асли бу дунёга оддий сир бўлиб келади, аммо кетаётганида буюк сирга айланиб кетади. Шу боис унинг кимлигини файласуф ва шоирлар, мусаввирлар, ҳофизлар неча минг йилдан буён ахтариш билан овора. Шоира синглимиз Нурхоннинг ушбу шеърлари ҳам ана шу беҳудуд изланишларнинг бир қатраси бўлибди. Гоҳида ўзини шамширга,
гоҳ жилға, гоҳ китобга ўхшатади:
“Китобман мен ҳали ҳеч ким ўқимаган,
Қаранг, чанглар юзларимни ёпишини!
Ёзувчиси кўкда, асло тўқилмаган,
Билолмаган қандай якун топишини!”…
Чунки ижодий қаҳрамон ўзлигини қидираяпти. Минглаб ашёлар, борлиқдан ўз суратини излаяпти. Аммо барибир у ўзини шундай издиҳомда ҳам ёлғиз сезаяпти.
” Кимсасизман – исботидир ёлғизлигим,
Сукут тилда сўзлагувчи қолмаяпти.
Сўзни қўйгин, қара мени, кўзларимга,
Нигоҳларим гапиришдан толмаяпти.”… Аслида бундай сукунатдан қўрқмоқ керак. Шоиранинг бу сукунати аслида бўрон мисоли, бундай сокинлик ошиқ қалб учун хатарлидир. Аммо унинг ғамзаси ҳам борки, у айни меҳрдан дарак:
“Мен қуёшман ғовакни ҳам унутмаган,
Тупроқман мен ўсувини ажратмаган
Дарахтман мен сон саноқсиз япроқларим,
Соясида фақат йўловчи тўхтаган.”…
Баъзи ўринларда шеърий қоидалар фикрни сиғдиролмайди ва бўғин, қофия тарозусини босмайди.
Аммо энг муҳими, фикрнинг моҳияти.
” Мен орзуман, мен ниятман, мен бир асир,
Ошиғини учратмасдан мажнун бўлган.”… Охирги сатрга яна ишлов берса яхши:”Лайлисини кўрмасидан Мажнун бўлган…” Яхши ташбеҳ бу.
Шеърнинг охирида
“Овозимни фақат Тангрим эшитса бас!” сатрлари борки, бу шеър ўз олдига қўйган вазифани бажара олибди, деб ўйлашга асос беради. Чунки асосийси бизни дарду изтиробимиз илоҳий ишқ сари етакласа бас. Гарчи дунё учун сир бўлиб қолсак ҳам ўзининг розилигини топа олсак бас.
Нурхон синглимизнинг шеъри баҳонасида ҳаёт ҳақидаги ўз фикрларимни ҳам айтдим. Аммо асосий мақсад- шоиранинг ижодини кузатиш билан бирга синглимизни руҳлантириш, маънавий қувватлаш ҳамдир.Унинг ижодида бақувват шеърлар ва бетакрор ташбеҳлар бор. Аммо баъзан таҳрирталаб сатрлар ҳам йўқ эмас. Аммо техник камчиликлар, сўз устидаги нуқсонларни бартараф этиш қийин эмас. Энг асосийси- руҳ бутунлиги. Сўз қудратини ҳис қилиш, тасаввур бепоёнлиги. Шоирамизда ана шу руҳий бутунлик кучи, ана шу зарур хислатлар бор. Айниқса, Руҳий бутунлик жуда зарур.У бўлмаса, руҳни таҳрир қилиб, ўзгартириб, бирор жойда ишлаб чиқариб бўлмайди. У Худо томонидан берилади. Аммо барибир ижод йўли-катта заҳматлар йўли.У ҳисобсиз риёзатлар талаб қилади.
Сўзим сўнггида, шоира синглимиз доимо ўз устида тинимсиз ишлаб, янада завқу шавқ билан ижод қилишини тилаб қоламан.
Гуландом Тоғаева,
филология фанлари номзоди


Мен саволман берилмаган ҳеч кимсага,
Жавоблари ўзи билан бирга юрган.
Мен камолман етилмаган поёнига
Сукут ичра ғарибгина бўлиб турган.
Мен оловман ёқилмаган ва ёнмаган,
Илашса гар дунёларни ёндиргувчи.
Жилғаман мен қўшиқлари шилдир-шилдир,
Фақатгина фақирларни қондиргучи!
Сабоман мен бир маромда елиб турган,
Димоқларга хушбўйларни етаклаган
Чўпонман мен тўрвасида қотган нони,
Яйловларни Ватангинам деб атаган.
Содиқ дўстман дўстимга ҳам, ғанимга ҳам,
Сирдан олдин жон беришни билган афзал.
Шамширман мен ёлғонларни кесиб турган,
Ғийбатларни қирқиб турган вақт бемаҳал.
Китобман мен ҳали ҳеч ким ўқимаган,
Қаранг, чанглар юзларимни ёпишини!
Ёзувчиси кўкда, асло тўқилмаган,
Билолмаган қандай якун топишини!
Кимсасизман – исботидир ёлғизлигим,
Сукут тилда сўзлагувчи қолмаяпти.
Сўзни қўйгин, қара мени, кўзларимга,
Нигоҳларим гапиришдан толмаяпти.
Мен қуёшман ғовакни ҳам унутмаган,
Тупроқман мен ўсувини ажратмаган
Дарахтман мен сон саноқсиз япроқларим,
Соясида фақат йўловчи тўхтаган.
Мен орзуман, мен ниятман, мен бир асир,
Ошиғини учратмасдан мажнун бўлган.
Келишини эшитганда ҳушдан кетиб,
Келмаса гар мисли хазон янглиғ сўлган.
Мен кўмирман телба қалбдан туҳфа бўлган,
Жим ёнаман, жим ўчаман, ҳеч ким билмас.
Иссиғимдан роҳат топса бўлди халқим,
Овозимни фақат Тангрим эшитса бас!
СЕЗМАДИНГМИ?
Изларингу ифорингга ташна эдим,
Билар эдим сендан меҳр кўришимни.
Сезмадингми, илк кўрганда юзим кулиб,
Юраккинам қиндан чиқиб уришини!
Сезмадингми, кўзларимнинг порлаганин,
Камондайин ёйилганин лабларимни.
Бир гапириб, бир тин олиб, зорланганим,
Яширмоқчи бўлганимни айбларимни!
Титроқ турган вужудим бекитмоқ бўлиб
Ўзни ишга урганимча букилганим.
Муҳаббатдан қалтираган қўлларимни
Яширмоқ-чун кафтларимнинг мушт бўлганин!
Етмай қолди юрагимга тоза ҳаво,
Гўё барин бир сипқориб ютиб қўйдинг.
Питирладим, чуқур нафас олмоқ учун
Деразани очганимни нега йўйдинг?
Шундан бери асирингман бир бегуноҳ,
Қафасларга зиндон этиб солиб кетдинг.
Қийин эмас бул зиндонда маҳкум бўлмоқ,
Энг қийини – ўзгинамни олиб кетдинг.
Билмайсанда, шундан буён изма-изман,
Ўзинг тугул, хаёлларинг қизиқ менга.
Қани менга сеҳргарлик насиб бўлса
Хаёлингни бермас эдим ўзгинангга!
Сезмадингми, тонгда насим бўлиб кириб,
Кулиб турган юзгинангни силаганим.
Сезмадингми, кафтларимга ёшлар тўлиб,
Аллоҳимдан умригинанг тилаганим.
Онангдайин бир меҳрибон тиловчингу,
Синглингдайин мушфиққина чақинингман.
Ёнгинангда эмасдирман бирга, аммо
Ёнингдаги яқиндан-да яқинингман.
25.02.2019 йил


Бир куни ёнингга қайтаман дегин,
Гўзал мавзуларда қурамиз суҳбат.
Номингга ғазаллар айтаман дегин,
Ишонтир, шу кунни кутай бетоқат.
Ўшанда айтаман барини бир-бир,
Интиқ кутганимни ғамбода чоғим.
Ёлғизлик бағридан қўйвормаганин,
Кўз ёшдан сўлганин энг ёшлик чоғим.
Бир куни ёнингга қайтаман дегин,
Унгача термулиб бўлмайин сарсон.
Шу кун-чун жонимни асрайман бегим,
Майли ўшал куни топширайин жон!
27.04.2019 йил
СОҒИНСАМ
Соғинсам…
Бир оғир туюлиб кетади дунё,
Яшашнинг қадами имиллайдией.
Осмон босиб келар, ер осмон гўё,
Юрак исминг айтиб симиллайдией…
Соғинсам…
Майин нигоҳларинг нақ рўпарамда,
Тезда пайдо бўлиб, тезда йўқолар.
Аввал шод, сўнг эса қоламан ғамда,
Истайман, қанийди қайтса лаҳзалар.
Соғинсам…
Сиғмайман бутун оламга,
Ҳатто бутун олам ололмас кўнглим.
Чуқур тин оламан, нимадир камда,
Гўё тугаб қолган олдинда йўлим.
Соғинсам…
Ғарибман ва минг бирим кам,
Дардимни ўзимга юраман айтиб.
Келсанг, йўлак бўлиб тутардим елкам,
Афсуски, сен энди келмайсан қайтиб.


Нурхон Элмирзаева
04.05.2019 йил