ОТАШНАФАС ШОИРА
ЗЕБО МИРЗО ИЖОДИДАН ЎҚИНГ


Умримни ўткинчи сабога бердим,
Энг сўнгги чақамни гадога бердим,
Бу телба руҳимни Худога бердим…
Сабо олиб борди, гадога берди,
Гадо йиғлаб борди, Худога берди.
Худо мени сенга хатога берди,
Сен мени кимларга бердинг, Азизим?
****
ҚАЙТИНГ
Уйга қайтинг…
Юракка қайтинг…
Агар қолган бўлса…. Севгингиз омон…
“Ниҳоят… Мен келдим!
Келдим!..” – деб айтинг…
Қолсангиз-да, зулмат ичида пинҳон…
Йўлга тушинг,
Тушинг ғурур отидан…
Бу ёғи Ёлғизлик – Руҳият йўли…
Чиқинг бу қафасдан…
Хасм ёдидан…
Чирмашиб тортса-да чирмовуқ қўли…
Дунёни қолдиринг…
Қолдиринг танни…
Илон терисини ечгандек… Ечинг!
Изланг… ичингизда кутган Ватанни…
Занжир Олтин бўлса-да… Кечинг!..
Онангизга боринг…
Тирик бўлса – У!
Кетган бўлса, агар… қабрига боринг.
Ёруғ дийдорини кўрмоқ бўлсангиз,
Кўксингизнинг ўртасин …ёринг!
Бир пиёла чашма…
Бир оби ҳаёт…
Сизга берган кўз ёш –
томган томчи Нур!
Тирик томирингиз тупроқда токи…
Демак,
Руҳингизда Ҳақ этар зуҳур!
…қайтинг. Уйга қайтинг…
Лойсувоқ… девор…
Ўчмагансиз ҳали хотирасидан…
Бир дилни топасиз…
Румий ё Машраб…
Ва ёки Навоий чодирасидан!..
…агар унутмаган бўлсангиз йўлни,
Тиконлар қоплаган бўлса сўқмоқни…
Исодан…
Мусодан сўранг… Дуч қилсин
Расуллуллоҳ байт қилган тоғни!
…агар тош устида бўлса мусича,
Агар ғор оғзини тўсса ўргимчак…
Қайтинг!
Белингизда ҳали зуннор бор,
Ҳали ичингизда Бутлар бор… демак!
…жойнамозга йиғланг…
Кўкка очинг кафт…
Чўк тушинг…
Энг гўзал васлдир Сужуд!
“Ахир борлигингиз учун дунё бор,
Ахир ёрлигингиз учун Ишқ мавжуд!”
…ҳижоб – Сиз!
Девор – Сиз!..
Эшик – ўзингиз!..
Тақиллатинг уни!..
“Келдим!..” деб айтинг!
Сизни кутиб турган шу дийдор ҳаққи…
Парвардигор ҳаққи,
Асл Ёр ҳаққи…
Ичкарига киринг!..
Юракка қайтинг!
2020 йил 30 март
ҚАЙТИШ…
Мен қайтурман Сенга муқаррар,
Томган ҳар ёшимнинг ҳурмати – ҳаққи.
Қоронғу умримда бор бўлсанг агар,
Бир бор кўксим узра Офтобдай балқи!
Мен сени жудаям соғиндим…
Буни айтгим келар ўзингга фақат.
Бироқ келгунингча, аввал-охирим,
Тугаб битмасмикан мендаги тоқат?
Ўтяпсан дунёлар ортидан…
Борми бу юксакка борадиган йўл?
Мен эса ўчганча кунлар ёдидан,
Бу тубсиз чоҳлардан узатаман қўл…
Сенга етиб бормас хаёлим.
Қалбинг уйғотолмас ҳеч қандай нидо.
Мени олиб кетар бир куни ўлим,
Қўрқаман, ҳеч қачон бермайсан садо!
Юрагим зарбларин эшитиб ётар,
Кўксим узра ботган ғанима – Илон.
Токи келгунича машъум кунботар
У мени бермайди сенга ҳеч қачон!
Сен эса…
Туш каби олис-олисда
Юлдузлар бағридан учасан йироқ.
Сен учун аталган оловли ҳисда
Менинг ёнганимни билмайсан, бироқ!
Нафрат… Ўлим, Ҳасад…
ва кин оралаб,
Менинг Севгим ўтар –
ёниқ ва омон.
Сендан кетган бўлсам,
бағрим яралаб.
Ҳар бир қадамимга тўлайман товон!
Аммо Сен… Аммо Сен…
Офтобдай балқи,
Қаерда бўлсанг ҳам ёруғ, мунаввар.
Томган ҳар ёшимнинг ҳурмати ҳаққи
Мен Сенга қайтурман
бир кун муқаррар!


Эҳтимол, ўлдирар бир куни кўрлар,
Томирингда олов қонинг бўламан.
Жонбахш қучоғингга жимгина синган
Бир ҳалол қурбонинг бўламан.
Отамдай рози бўл,
онамдай севгин,
Мен ҳам сеникиман, ўксик қизингман.
Бағрингда минг йиллик тошлар тўсиғин
Ёриб чиқаётган бир илдизингман.
Ҳайқирмадим пасту баландда туриб
Аммо тола нурдек ўтаркан ёдим,
Кўкка олиб учар озод Руҳимни
Кўксимни қиличдай кесгай фарёдим!..
Яшайман энг сўнгсиз дардларинг билан,
Ҳеч ким юрагимга бўлолмас қози!
Ҳали мудраб ётган дунёларингни,
Уйғотиб учади руҳим овози!
Мен кимман?
Ғамингга ғамдош бўлмасам,
Оғримасам ёруғ қийноқларингдан?
Бошига осмонни кўтарган тоғдек
Ўсиб чиқолмасам тупроқларингдан?
Узоқ-узоқларга қараб англадим:
Қайданман, қаёнман ва кимникиман?
Кўнглимники эдим ва бир кун билдим,
Ундан ҳам олдинроқ раббимникиман.
Ҳукм эт, шаҳидинг бўлмоғим учун
Жаннат боғларини ташлаб келурман.
Чорласанг. отимдан бутун бир халқни
Ҳисор тоғаридек бошлаб келурман.
Севмасанг ҳам қаттиқ севавераман,
Чидайман орларнинг таъна тошига.
Шунчаки ўлмайман,
Шунча ишқ билан
Кўтариб ўлурман сени бошимга!
Бир оз кўнглимники бўлдим-ўксиган,
Раббимники эдим, шубҳасиз, бироқ
Борим-йўғим билан сеники эдим,
Сеники бўлурман, эй она тупроқ!..

Зебо МИРЗО, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси