Арзи ҳол

Байрамлар кўчамда ўтмай ҳам қўйган,
Энди дил сендан сўз кутмай ҳам қўйган,
Эртакда экан-ку ёрилтошлари,
Ҳозир тош ҳеч кимни ютмай ҳам қўйган.

Баҳорда куртакдай кетгайман яшнаб,
Кузда япроқ каби бўлгайман хазон.
Қанийди шу тошлар ютсайди мени,
Қадрсиз бўлмасдим балки ҳеч қачон.

Ҳозирча… Заминда борман, омонман,
Ким учун бахтману ёлғиз имконман.
Сенга ёқмаса ҳам шу мавжудлигим
Ўзимча кимгадир таянч-осмонман.

Осмон-чи булутсиз бўлмайди асло,
Кезади дарбадар унда ҳам ҳам чақин.
Бу чақин сени ҳам этгай мубтало
Менинг кўчамда ҳам байрамлар яқин!

Унсиз фарёд

Остонангда гулу райҳон экилган,
Балким осмонлардан юлдуз тўкилган,
Қўшиқ айтиб кўнглим бўшатай десам,
Томоғимга аччиқ йиғи тиқилган.

Бу ерда дарё ҳам оқади сокин,
Ғамни ҳам фарёдни ютади тунлар.
Мен-чи армонимнинг сўкаман чокин,
Энди синган торим кимлар бутунлар?!

Дилдаги синган соз куйлайди ҳамон,
Имконда имконсиз қолсак ҳам ёмон,
Асил муҳаббатин излаб хиромон,
Қуш ҳам айлар кўксин тошга уриб қон.

Биз нечун чўққида қуш эмасмиз,ёр,
Тош парин тўзғитган тўш эмасмиз,ёр,
Учрашар ҳатто кўз-қош ҳам пайт пойлаб,
Нега биз ўшал кўз-қош эмасмиз,ёр?!

Сен тонгсан, тонг каби шабнамларга дўст,
Мен шомман,офтобдек ботганим дуруст.
Нега гул баргида турган чоғингда
Сенга айтолмадим севгидан бир сўз?!

Қалбимни қоплайди ҳижрон ва афсус,
Синган созимга жўр бўлади гуллар.
Дарё ҳам бу ерда сокин оқар, лек,
Тубида гуллайди Ишқ-атиргуллар.

Остонгда гулу райҳон экилган,
Балким осмонлардан юлдуз тўкилган,
Қўшиқ айтиб кўнглим бўшатай десам,
Томоғимга аччиқ йиғи тиқилган. …

Гуландом Тоғаева

@shoira_Gulandom