Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулов: «Тасаввуф–руҳ тарбияси. Тасаввуф–ахлоқ ва одоб камолоти учун изчил қайғуриш демак. Тасаввуф–хаёл ва тасаввур кенглиги. У оламдаги жамики тобеликларга иштиёқ билан қарашга ўргатади. Тасаввуфнинг деярли барча мазҳабларида ғамгин ва ғуссакаш инсон «Мен»ининг ботиний фаоллиги акс этади», – деган эди. Бундай пок ва теран лафзларни инсонлар орасида илоҳий тозариш ва маънавий камолот ғолиб бўлишига чин дилдан ишонган инсонларгина ёзиши мумкин. Жалолиддин Румий эса «Инсон буюк бир муъжиза ва унинг ичида ҳамма нарса ёзилган. Бироқ зулмат ва пардалар борки, улар ёзувларни ўқишга имкон бермайди,» деган эди . Ўтган 70 йил давомидаги вақт улкан адабий-фалсафий меросимиз–тасаввуф инжуларини биздан беркитиб келган «зулмат ва парда» бўлди. Миллатимизнинг олди бўлган, катта фикр даҳолари, улкан зиёлиларимиз қатағон қилинди, уларга нисбатан аёвсиз зулм этилди. Олим Муҳаммаджон Имомназаров таъкидича, 1937-39 йиллар қатағонлари ва «социалистик реализм» деб аталган янги пролетар адабиётнинг зўраки жорий қилинган якка ҳокимлиги оқибатида ўзбек адабиёти тарихий илдизларидан узилиб қолди, ўтмиш адабиёти яхши-ёмонга, «прогрессив» ва «реакционга» ажратилди. Бу ҳақда олимларнинг ўзлари ҳам матбуотда мақолалар эълон қилишган. Тадқиқотчилар кейинроқ бўлса ҳам тарихий меросга баҳо беришда аниқлик ва тарихий ҳақиқатга риоя қилишда изчилликка интилишган . XX аср бошларида ҳам улуғ зиёлиларидан бири Абдурауф Фитратнинг «Мирзо Бедил» илмий мақоласи, «Бедил», «Нажот йўли» («Раҳбари нажот») каби инсонни юксак ахлоқий руҳда тарбиялаш маъносида битилган, илоҳий илмлар ва улардан мурод не эканлигидан баҳс қилинадиган мумтоз асарлар яратилган эди. Миллат тарбияси учун катта аҳамиятга эга бу каби асарлар «социалистик ҳаёт гирдобида» маълум вақтгача ўз ўқувчилардан узоқлаштирилди.
Олим Ҳамидулла Болтабоевнинг ёзишича, А.Фитрат «Бедил» номли илмий мақоласини 1920 йилда «Тонг» журналида (№2) эълон қилдиради. 1923 йилда эса бадеа усулида ёзилган «Бедил (Бир мажлисда)» асари туғилди. Ушбу асарда таъкидланадики: «Ҳар бир нарсага юзадагина ҳукм қилувчи бизлар бунга ҳам юзадагина қараймиз. Унинг (Бедилнинг– Таъкид бизники.–Г.Т.) сўзидаги усталикларига, кучига, ҳукмига, ўйинларига бериламиз… Унинг туб фикрларини эса ҳеч тушунмаймиз ё тушунмоқ истамаймиз» . Ушбу асарда Фитрат Бедил фалсафасининг теран қатламларига ўқувчини саёҳат қилдиради. Инсоннинг яшашдан мақсади фақат еб-ичишдан иборат эмаслигини воқелик билан боғлаб кўрсатади. «Нажот йўли» («Раҳбари нажот») асарида эса Фитрат нажот, илм-маърифат раҳбари деб Қуръоний билимларни кўрсатади. У бу билимларни миллат ва халқ манфаатлари йўлида ривожлантирилишини истайди. Шижоат, карам, жасорат, сабот ва мулойимликни нафсга, нодонлик ва жаҳолатга қарши қўяди.
Сўфиёна маслакнинг ахлоқий-фалсафий ғояларини Фитрат бу асарнинг маъно-мағзига сингдириб юборган. Ўз элининг маърифати учун қаттиқ ёзғириб, жон куйдирган фидойи олим таъкидлайдики, «Аллоҳнинг ягоналигини, улуғлигини илм орқали, ақл ҳукми орқали билмоқ лозим». Шўро даврида тасаввуфий мавзуларга бўлган «эҳтиёткорлик» адабиёт ва фалсафа ривожига, шунингдек, ўткир фикр майдони бўлган матбуотга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Филология фанлари доктори, профессор Н.Комилов таъкидлашича, биргина улуғ мутафаккир шоир А.Навоийнинг «Хамса» достонлари нашридан 1970 йилларда жами эллик уч боб тушириб қолдирилган. Асардаги «ҳамд» ва «наът»лар тасаввуфий характерда эканлигини ҳисобга олсак, халқимиз жуда катта маънавий хазинадан бебаҳра қолганлигини англаб етамиз. Матбуот-энг аввало, ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприкдир, эртанги кун учун даъваткор шиорлар майдонидир.(-Таъкид бизники.-Г.Т). Шўро давридаги илмий мақоланависликнинг умумий бир камчилиги мафкуравий жиҳатдан чегараланганлиги, коммунистик мафкура қолипига солинганлигидадир. Ҳар қандай талқин ўз даври ва аслият ўртасидаги бир кўприк–воситадир.
Матбуот ўз даври, тафаккур тарзи, эҳтиёж ва талаблари нуқтаи назаридан аслиятни холис талқин этиши зарур. Бошқачароқ айтганда, талқин аслиятга суянган ҳолда барча хом ашёни ўз давридан олади. Шу боис унга даврийликнинг нуқси уриб қолади. Ҳерменевтик қонуниятлар ҳам шуни тасдиқлайдики, бошқа талқинга, аслиятга нисбатан ўша давр тафаккур тарзига мувофиқ келадиган муносабатга эҳтиёж сезилади. Қолаверса, бу тараққиёт, камолот кўрсатгичидир. Агар шўро давридаги йилларга, ундаги тасаввуфий талқинларга муносабат ўзгармаса, янги-янги талқинларга эҳтиёж сезилмаса, бу жамиятдаги фикрий турғунлик нишонаси, ўша жамият, халқнинг эртанги кунига бефарқлиги ҳамдир. Тўғри, тасаввуф адабиётига назар у ёки бу тарзда Е.Э.Бертельс, В.В.Бартольд, Ғ.Ғулом, Ойбек, В.Зоҳидов каби кўплаб тадқиқотчилар томонидан ўша даврларда ҳам ўрганилган, лекин бу рағбат тўқсонинчи йилларнинг бошларидан кенг кўламда давом эттирилди. Мустақилликдан кейин эса бу жараёнга янада кенгроқ йўл очилди. Янги давр, янги эътиқод, дунёқараш, мафкура, ижтимоий онг замонаси бошланди. Тасаввуф таълимотини тадқиқ этишда ўзбек журналистикаси, хусусан матбуот ижтимоий институтларидан бўлмиш тарих, фалсафа, адабиёт, мусиқа, педагогика каби соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун улкан минбар бўлди. Чунки бу илм тарихий қадрият сифатида ҳар бир соҳанинг теран жабҳаларигача кириб бора оладиган қудрат-публицистик таъсирчанлик билан қуролланган. Бу соҳаларнинг барчасидаги тарихий қадриятларни ҳис қилиш, чуқур ўрганиш салоҳияти айниқса, илмий публицистикада яққол намоён бўлади. Жамиятнинг барча қатламлари учун маънавий озуқа бўла оладиган тасаввуф таълимотининг ўзи нима? У қандай маънони англатади? Унинг илгари сурган ғояси нималарга асосланади? Буни профессор Нажмиддин Комилов шундай шарҳлайди: «Тасаввуф тадрижий тараққиётга эга бир таълимот бўлиб, ислом оламида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёзади. Гап шундаки, ҳазрати Муҳаммад Мустафо (САВ) вафотларидан кейин мусулмонлар жамоаси ичида бўлиниш рўй беради, айниқса, халифа Усмон замонида бойликка ружу қўйиш, қиммабаҳо туҳфалар билан қариндош-уруғлар, яқин дўст-биродарларни сийлаш расм бўлади. Уммавия халифалиги даврига келиб эса, сарой ҳашамлари, дабдабали безаклар, олтин-кумушга берилиш, хазина тўплаш авж олади. Натижада бу диний машғулотлар, ҳудо йўлидаги тоат-ибодат ўрнини дунёвий ишлар, бойликлардан устун қўйган эътиқодли кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида ҳадис тўпловчи муҳаддислар, илгаридан қашшоқ бўлиб, уй-жой, мол-мулкка эътибор қилмаган саҳобалар ҳам бор эди. Буларнинг бир қисми динни ҳимоя қилиб, очиқ курашга отланган бўлса, иккинчи қисми эса қаноат ва зуҳдни асосий мақсад қилиб олиб, сарой аҳли ва сарватдорлар, бойлар ахлоқига қарши норозилик белгиси сифатида таркидунёчилик ғоясини тарғиб этиб, ижтимоий фаолиятдан бутунлай четлашганлар, сурункали тоат-ибодат билан шуғулланганлар…» «Тариқа, – дейди Н.Комилов, – дунёдан кўнгил узган, аммо зоҳидларга ўхшамайдиган, бир назар билан тупроқни кимё этадиган» (Ҳ.Шерозий) зеҳну заковат, ақлу фаросатда тенгсиз, аммо ўзи мутафаккирлар, файласуфлардан ажралиб турадиган, шариат илмини сув қилиб ичган, тоат-ибодатда мустаҳкам, лекин оддий диндорлардан фарқланадиган ажойиб хислатли одамлар тоифаси пайдо бўлган эдики, уларни руҳ кишилари деб атардилар…» Демак, ислом тасаввуфий билими улкан бир фан сифатида шаклланиши жараёнига мавжуд ижтимоий-сиёсий иқлим ҳам таъсир кўрсатган. Тасаввуф таълимоти вужудга келиши учун яна иккита катта асл сабаб бор, деб ўйлаймиз.Биринчиси, тасаввуфга эҳтиёж ижтиҳод сабабли вужудга келган.
Зеро, ислом динининг манбалари асосан тўрттадир: а) Китоб: б) Суннат: в) Қиёс: г) Ижмоъ.
Бу тўрт манбага «адиллаи шаръиййа» («Шаръий далиллар») дейилади. Ривоят қилинадики, «Жаноб пайғамбаримиз Ислом динини ўргатиш учун асҳобни атрофга юборадилар. Ҳазрати Муозни ҳам валий этиб Яманга тайин этадилар. Ўрталарида шундай бир суҳбат бўлиб ўтади:–Ё Муоз, у ерда нима билан ҳукм ва қазо қиласан? – деб сўрадилар Расули Акрам. –Аллоҳнинг китоби ила ҳукм этаман, – деб жавоб қилади Муоз.–Китобдан тополмасанг нима қиласан?–Расулуллоҳнинг суннати ила амал этаман.–У ердан ҳам тополмасанг-чи?–Ўз раъйим билан ижтиҳод этаман, ё Расулуллоҳ! Муознинг бу жавобидан Расули Акрам ниҳоятда мамнун бўлдилар…» Агар кўнгил уйи пок бўлса, фикр ва қарорлар ҳам тўғри, пок бўлади. Бинобарин, фақат тоза, ғуборсиз дил билангина банда Раббиси билан юзма-юз келиши мумкин. Зеро, тасаввуф илми-кўнгил сезгиси илми ҳамдир. У вужудга келиши билан фиқҳ фани ҳам, фалсафа фани ҳам шакллана борди. Ижтиҳод кўнгил поклиги, ҳушёрлигисиз, сезгисиз мавжуд бўла олмайди. Ижтиҳод ўзлигини топган, Раббисини гўзал суратда таний олган бандаларнигина қўлидан келади. У бандалар тозаланган нафс, ойнадай ярқираган кўнгил билан яшайдилар, уларни «сўфий» деб аташади. Ижтиҳодни дарахтга қиёсласак, ислом фиқҳи ва фалсафаси унинг икки залворли шохи, деб фараз қилсак бўлади. Ижтиҳоднинг ўзи эса Қуръони Карим ва пайғамбаримиз суннатига асосланади, ҳеч қачон уларга тескари ҳукм қилмайди. Сўфийлик мақомига интилиш адабиёт кўринишида ҳам вужудга келди. Энг аввало, адабиёт–дил розидир, инсоний ҳиссиётларнинг бадиий такомиллашган шаклидир. Маълумки, исломда банданинг Раббисига қандай ибодат қилиши энг муҳим масалалардан бири. Тасаввуф ҳам ибодатнинг гўзал шаклидир, у–банданинг Раббисига муҳаббат изҳор қилиш услубларидан бири. У шу боис маълум маънода адабиётга ҳам бадиий безак ва мазмун бағишлади. Агар ошиқ ўз маҳбубига қай даражада чиройли дил рози айта олса, маҳбубнинг жавоби ҳам шунга муносиб бўлади. Бинобарин, Ҳадисларда айтиладики «Рабби гўзалдир, у гўзалликни яҳши кўради». Аллоҳу таоло энг Буюк Севгига лойиқ ягона зотдир, зеро, у энг гўзал дил розини яхши кўради.Бошқача айтганда, Рабби ўз қулларининг такрорланмас, гўзал тарзда сева олишга ва изҳори дил қилишга лойиқ зотдир . Ахир ҳар бир сўфий муҳаббати ўзига хос эмасми?Демакки, тасаввуф таълимотининг шаклланиш сабабларидан яна бири-у банданинг Яратганга муҳаббат изҳор қилиш эҳтиёжи туфайли пайдо бўлган(–Таъкид бизники.Г.Т). Мавлоно Румий шундай дейди: «Улуғ Аллоҳ инсонни илмли ва олим қилиб яратгани учун, инсон ўз борлиғининг устурлобида вақти-вақти билан Тангри тажаллийсини ва беназир гўзаллигини порлоқ бир ҳолда кўради. Бу жамол кўзгусини ҳеч қачон тарк этмайди. Азиз ва жалил бўлган Тангрининг ҳикмат, маърифат ва каромат кийимларини кийдириб қўйган қуллари бордир» . Ана шу қулларнинг ҳикмати тасаввуфни пайдо этди. Хусусан, Ибн Арабийнинг «Фусусил Ҳикам», Абдулла Ансорийнинг «Табақотус Суфия», Фаридиддин Атторнинг «Тазкират-ул авлиё», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот-ул унс», Алишер Навоийнинг «Насойим-ул муҳаббат» каби асарларида бу ҳақида муфассал шарҳлар бор.
Гуландом Тоғаева,
филология фанлари номзоди
2006 йил