СЎНГГИ ПУШАЙМОН

Ривоят қилишларича, машҳур саркарда Искандар Зулқарнайн тунги юришлардан бирида қўшинидаги аскарларга: “Йўл-йўлакай оёғингиз остидаги нарсаларни тўплаб боринг!” – дея буйруқ берди. Буйруқни эшитгач, қўшин ичида бўлиниш бошланди. Улардан бир гуруҳи норозилик билан: “Ўзи кечаси ҳам тин олмай юриб, чарчоқдан ўлар ҳолатда турибмиз, камига оёқ остидаги нарсаларни ҳам йиғиштириб юрамизми энди, тош-пошлар нимага ҳам керак бўларди?!” – дея ҳеч нарса қилмай кетаверишди.Иккинчи гуруҳ: “Модомики қўмондонимиз буюрдими, оз бўлса ҳам айтганини қилиб қўяйлик”, деган фикр билан номига бир нималар йиғиб қўйишди.Қолган учинчи гуруҳ бўлса: “Қўмондон бу ишни бежиз буюрмаган, албатта бунда бир ҳикмат бор!” – деб бутун хуржунларини оёқ остидаги тошлар билан тўлдирдилар.Тонг отгач, кўришсаки, тош деб йиққанлари олтин бўлаклари экан. Маълум бўлишича, қўшин тунда олтин конидан ўтган бўлиб, саркарданинг берган буйруғига асос шу эди.Шундан сўнг биринчи гуруҳ: “Эҳ, нега қўмондоннинг сўзига қулоқ солмадик, мана энди шунча бойликдан қуруқ қолдик”, деб қаттиқ пушаймон бўлишди.Озгина йиққан иккинчи гуруҳ бўлса: “Биз ҳам кўпроқ тўплаганимизда қанийди”, дея афсусландилар.Ҳатто энг кўп олтин йиққан учинчи гуруҳ ҳам: “Кераксиз юкларимизни ташлаб, уларнинг ўрнига ҳам олтин йиққанимизда эди, бундан ҳам кўпроққа эга бўлардик”, деб надомат чекдилар.Охиратда ҳам шундай, имон келтирмаганлар: “Кошки биз ҳам мўмин бўлганимизда эди, ҳеч бўлмаса охири мана бу дўзах азобидан қутулиб, жаннат роҳатига эришардик, жаҳаннамда абадий қолмасдик”, дея чексиз пушаймон бўладилар.Савоб амаллари оз бўлган мўминлар эса: “Хайрли ишларни янада кўпроқ қилганимизда эди, бундан ҳам зиёда иззат-икромга сазовор бўлар эдик”, деб ўзларини койийдилар.Савоб ишлари кўп мўминлар ҳам: “Эҳ, қанийди мақомимизни бундан-да юксалтирувчи намозларни кўп ўқиб, садақа-эҳсонларни яна ҳам кўпроқ қилганимизда эди”, деб афсусланадилар.