🎭Табриклаймиз – қутлаймиз! Апрелнинг 14-санасида, Ўзбек Миллий Академик драма театрининг устоз санъаткори, элимиз ардоғидаги ижодкор, дубляж устаси, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг таваллуд айёми.

Устозга айём муборак бўлсин, дея аввало танисиҳатлик-саломатлик, узоқ ва барокатли умр, бисёр ризқ-насиба, оилавий тинчлик-ҳаловат ҳамда ижодий куч-қувват, кўтаринки кайфият тилаймиз.

АКТРИСА ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ
Муқаддас Холиқова 1960 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Миллий театрда 1981 йилдан буён фаолият юритади. 2002 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони, 2014 йили “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланган.
Муқаддас Холиқова 1981 йили Ўзбек давлат академик драма театрига йўлланма олди ва шу театрда ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Дастлабки йилларданоқ театрнинг етакчи ёш актёрига айланди.
У театр саҳнасида 80 дан зиёд образлар яратди. У театрда саҳналаштирилган “Кузнинг биринчи куни” спектаклида Дўхтир, “Нажот истаб”да Қайнона, “Ўткан кунлар”да Тўйбека, “Куёв”да Асал кампир, “Алдагани хотин яхши”да Она, “Сеҳрли апельсин”да Жодугар, “Жиноят устида ушлансин”да Она, “Отелло”да Эмилья, “Чимилдиқ”да Она, “Андишали келинчак”да Аёл, “Макр ва муҳаббат”да Она, “Бахтли гадолар”да Овсар, “Олтин девор”да Она, “Олтин қиз”да Она, “Нексия”да Хадича, “Тили асалим”да Аёл, “Сизсиз ўтмас кунларим”да Кибриё, “Қаллиқ ўйин”да Холбика, “Сўнгги тергов”да Милиция ходими, “Бир қанотлилар”да Она, “Биз сизларни кутамиз”да Аёл, “Дада демайман”да Амма, “Танҳо юлдуз”да Манзура, “Тортадурман жабрини”да Судья, “Энага”да Салима, “Шайтон ва фаришта”да Нафиса, “Боши қотган ошиқлар”да Она, “Келинлар қўзғолони”да Сотти, “Кўнгил”да Зуҳра каби ролларни ижро этди.
Муқаддас Холиқова театрдаги ижодий фаолияти билан бир қаторда кино ва видеофильмларда ранг-баранг ролларни маҳорат билан ижро этди. Жумладан, “Севгинатор–2”, “Нахотки сен”, “Жаннат қайдадир”, “Бойвачча”, “Амакиваччалар”, “Виждон”, “Эркатой”, “Пойга”, “Одноклассники”, “Ошиқлар”, “Тақдир чархпалаги”, “Улфатлар”, “Улфатлар-2”, “13 раис”, “Анора” фильмлари ва “Қирқ тоғаранинг қирқ ноғораси”, “Кўнгил кўчалари”, “Денгиздан томчи” миллий сериалларида бетакрор роллар ижро этди.
Муқаддас Холиқова дубляж соҳасида ҳам кўплаб фильм ҳамда телесериалларга овоз берган.