СЕВИМЛИ ШОИРАМИЗ ШАРИФА САЛИМОВАДАН ДИЛАФЗО КЕЧИНМАЛАР:

“РУҲИМДА МИНГ ЙИЛЛИК ЖИМ ИСЁН ЁТАР…”

-1-

Олдимиздан улуғ дарёлар бир-бир оқиб ўтдилар… Сокингина, фақат уларгагина хос бўлган теранлик, ажиб бир виқор, меҳрибонлик, туби тўла марваридлар, дуру гавҳарларга тўлиб, гоҳ айқириб, сўз осмонида гоҳ яшиндек порлаб, гоҳ тун зулматини қоқ иккига бўлган осойишта шаъм бўлиб…. Қалб кўникмайди уларнинг кетмоғига…кўникишга ҳам уринмайди. Чунки, улар кўзни юмсангиз хотира осмонида қуёшдек, ойдек балқиб жилмайиб тураверадилар. Шундай абадият дарёларидан бири Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевадир. Ўша биринчи талабалик йилларида кўрганим қошлари ўсмадан қулф урган, шеърларининг илк эълони билан адабиёт, халқ севиб қолган Ҳалима опа. Қўмсашлардан ўртанар бағир. Ўтганларнинг билгани билган. Мен чавандоз қизиман, ахир, Ота, отдан эрта айрилган… “Қора сочларимнинг тўлқини, Тўлғонганча оқар қуйига, Муҳаббатнинг сирли ёлқинин, Олиб кирган йигит ўйига, Балки шудир….” Бундай шеърлар бизнинг жисму жаҳонимизга бир ўқигандаёқ сингиб, ёд бўлиб кетган минглаб шеърларнинг зарраларидир.Инсон қалбини ҳайратга солиб, ҳароратга тўлдириб келган, “тун бўйи оёқ учида юриб чиққан” илоҳий Сўзнинг ҳаётбахш нафасларидир.Ташна дудоқларга томаётган оби кавсар томчиларидир. Карахт вужуддаги карахт қонни бир эпкин билан дарёга айлантира оладиган шиддат шаршараларидир.

-2-

Мен “Саодат” журналига ҳар иккала ҳолатда ҳам Ҳалима опанинг чорлови билан ишга келдим.1989 йил. Кеч куз. Уйим ишхонага яқин бўлгани учун олтин баргларнинг ҳавода айланиб-айланиб ерга тушишини томоша қилиб, куз манзараларига маҳлиё бўлиб ишга пиёда бориб, пиёда қайтаман.Ҳар бир саҳифасида ҳаёт акс этган журнал чоп этилиши билан ўқувчисига етиб бориб, қўлма-қўл бўлиб кетади. Хатлар бўлимига келган мактубларнинг бирортаси бош муҳаррир Ҳалима Худойбердиева назаридан четда қолмайди.Бир куни Ҳалима опа мени чақиртириб: Шарифа, ўйлаб қўйган долзарб мавзуингиз бўлса, тез тайёрланг, журналнинг янги йил сонига берамиз,- деб қолдилар. Шунда мен жумҳуриятимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тузумидаги жиддий муаммолар дилимни ўртаб келаётганини, журналга нуфузли инсонларни чақириб, иложи бўлса давра суҳбати ташкил қилишимиз зарурлигини айтдим. “Яхши таклиф, -деди Ҳалима опа. Зудлик билан тайёрланг. Ўзимнинг назоратимда бўлади”.Кейинчалик “УМИД – РОСТ ТАДБИРЛАРДА” деб ном остида чоп этилган ушбу давра суҳбати “”Жумҳуриятимизда оналик ва болаликнинг қай йўсинда муҳофаза этилаётганлиги…Болалар ўртасидаги ўлим кўрсаткичининг юракни увиштириб юборадиган даражада юқорилиги… Бугунги давра суҳбатимизда кўпдан буён дилимизни ўртаётган ушбу муаммоларга тўхташни мақсад этдик.” деган сўзлар билан бошланар эди.-Мамлакатнинг бир уфқида бойлик, бир уфқида камбағаллик пайдо бўлди, – деб ёзди суҳбатда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов.- Жамиятдаги адолатсизлик биринчи навбатда аёлни ҳолдан тойдиради…Жумҳуриятимизда аёлларнинг ўз-ўзига ўт қўйиши – ижтимоий адолатсизликка қарши кўтарилган исёндир.”- Бир йилда 60 минг ногирон бола туғиларкан,- деб ёзди Ҳалима Худойбердиева.-Халқ табобати ўзининг кўп асрлик заминига эга. Биз ана шу заминдан оёқ узиб ҳам кўп нарсани йўқотдик, – деб ёзди Қаҳҳор Ҳожиматов.- Экологик ҳалокат урушдан ҳам хавфлироқ офат эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат, деган сўз юради халқимиз орасида…- Сариқ касаллиги – бу келажакда мажруҳликка номзод, деган сўз, – деб ёзди бош шифокор Умид Омонов- Одамлар бир туп мева дарахти экишни унутиб қўйди, – деб ёзди самарқандлик боғбон Ғани ота Файзуллаев… Мен давра суҳбатидан ушбу иқтибосларни бекорга келтирмадим. Ҳалима Худойбердиева катта қалбли шоира бўлиш билан биргаликда, жароҳатидан қон силқиб турган муаммоларга бош муҳаррир, публицист сифатида ҳам жасорат ва дадиллик билан қўл урадиган, ёрита оладиган журналист эдилар. Шоиранинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” номли публицистик мақолалар тўплами бугунги кун учун ҳам қимматли бўлиб, бошловчи публицист қизларимиз учун маҳорат мактаби сифатида хизмат қилади.

-3-

Ҳалима Худойбердиева кўксидаги шеър оташи нафақат ўзининг жону-жаҳонини, балки ўқувчининг ҳам қалбини оташга солувчи бир вулқондир. Мен шоира шеърларига батамом мафтун бўлиб, дунёларга сиғмай юрганимга “КЎНГИЛ ДАРИЧАСИГА ТУШГАН НУР” деган қайдларимни қоғозга туширдим ва уни Ҳалима опанинг ўзларига кўрсатдим.Бу ёзувларим уларга жуда маъқул бўлди ва мен уни ўзим ишлаб юрган даргоҳ “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бердим. Мақола мамнуният билан чоп этилди. Қувончларим узоққа бормади, бир куни газетанинг янги сонини варақлаб ўтирсам, кўзим танқидчи Норбой Худойбергановнинг мақоласига тушди ва унинг бир бўлими “ЯНА МАДҲБОЗЛИКМИ?” деб аталарди. Унда менинг ҳам мақолам аёвсиз танқид остига олиниб,танқидчи шоира ҳақида ким илиқ фикрларни айтган бўлса, уларнинг барини маддоҳликда айблаган эди. Мақолани ўқидиму, юрагимга оғриқ кирди. Топ-тоза туйғуларим устидан кимдир кир сув қуйиб юборгандай, ғуруримни ҳақоратлагандай ҳис қилдим ўзимни, кўнглим чил-чил синди. Бироздан кейин телефон жиринглади. Гўшакни кўтарсам Ҳалима опам. “Мақолани ўқибсиз-а, -дедилар ғайри табиий қувноқлик билан, – фақат сиз хафа бўлманг. Ундаги сўзлар аслида мени мўлжалга олиб ёзилган.” Умр дарёси шовуллаб оқиб бораверар экан. Вақтнинг сеҳрли жиловини на макон, на замон, на асрлар, на қасрлар тутиб қола олмас экан. Ушбу мақолани ёзаяпману, Ҳалима опам ўша ширали, фақат ўзига хос бўлган ифода билан шеър ўқиётгандек туюлаверади: Дунё айланади, айланар бошим, Кундан кутганимни этолмадим жам. Бунча шошилмасанг, порлоқ қуёшим, Ҳадемай тун келиб олажаксан дам… Республикамизнинг қайси гўшасида бўлмайлик, одамлар Ҳалима опага сир-синоатга дуч келиб қолгандай қарашарди. Шоира қизчалар опага тақлид қилиб шеър ўқишарди. Шоиранинг қўлидан дастхат олиш мухлислари учун чексиз қувонч эди. Кун бўйи халқ ичида, давлат ишида бўлган шоира уйга қайтиши билан фарзандларининг севимли онасига айланарди. Улуғбекка атаб қатор шеърлар ёзар, раҳматли Умиджоннинг кенг елкаларини меҳр билан силар, Моҳигул билан Камолани кийикчам, оҳуларим деб эркалар, кенжатой Мирзо Ғолибни тиззасига ўтқазиб овқатлантирарди.

Бу дунёнинг қир даласин хосияти мўл,

Ерни ялангоёқ боссанг яйрайди танинг.

Яшамоқ бир тансиқ таом, унга урсанг қўл

Борган сари очиладир иштаҳанг санинг.

Боғлардаги етилгуси ҳар мевали шох

Ризқдир бизга, ризққа доим дил илинжликдир.

Ўғлонларинг келар, ана, очишиб қучоқ,

Ўғлонларинг мева қадар бир ширинликдир.

-4-

Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф, мен Зоминдаги ёш истеъдодлар семинарига борадиган бўлдик. Йўл бўйи манзараларни томоша қилиб, дилкаш суҳбатлар қуриб Ўриклисойга етиб бордик. Семинар бошланиб кетган, ҳаво ўзгариб, майдалаб ёмғир ёға бошлаган эди. Зомин тоғларининг кўксидан отилиб ётган шаршарани шоир Муҳаммад Юсуф Ҳалима опамга ўхшатган ва тоғ тепасидаги”Супа”га кўтарилганимизда энг баланд чўққига шоиранинг номини берган эди. Республикада хизмат кўрсатган қурувчи Ўриш Мажидов тош супаларнинг чеккасида илиниб турган тошга оёғини бемалол қўйиб 2700 метр пастликка қараганида, биз ҳам Ҳалима опам билан юрагимиз шувиллаб, тийғона-тийғона пастликка қараганимизда инсон умри қош ва киприк орасиданда яқин эканлиги кўнглимиздан кечган эди. Назаримда ўшанда Зомин тоғлари сўз сеҳридан, унинг шивиридан бахтли эди, биз тагида ўтириб суҳбатлашгандаримиз минг йиллардан зиёд умр кўраётган арча бу ташрифдан хушҳол эди. Гоҳ сархушман, гоҳ юзим сарғайтиб кетаман, Бир муҳлатга келгандирман, қайтиб кетаман. Олиш ё олмаслик Сизнинг ишингиз, Мен ўз айтаримни айтиб кетаман.Ҳозир ҳам мен гўё туш кўраётгандекман…Ҳалима опанинг орамизда йўқлиги ишониш мумкин бўлмаган ҳодиса мисол кўринади менга. Даврада чарх уриб, этакларини ҳилпиратиб, бармоқларини қарсиллатиб ўйинга тушишлари, қон босими жуда баландлашиб кетганидаги ётган ҳолатлари, музлаб кетган қўллари. Доимо ёнимда олиб юрадиганим – менга ёзган мактублари, китоблари нашр этилганда чиройли дастхатлар билан юборган китоблари: Бошга гоҳо офтоб ёғди, Гоҳ қор ёғди, сиз менинг. Яхши-ёмон кунларидан Ёдгор дўстим, сиз менинг деб қилган лутфлари.. “Синглим, опам, азиз дўстим Шарифажонга! Ўла-ўлгунча бир-биримизга садоқатли бўлгаймиз, деган ишончда Х.Ҳалимадан.1993 йил.Эрта куз” деган ёзувлари Осойишта шаъмнинг ипак шуълалари каби қалбимни нурлантиради. Буюк қуш қанотларининг эпкини бўлиб юзларимни силаб ўтади. Турк-Турон қўнғироқлари – руҳият қўнғироқлари каби жаранглаб, уйғоқликка чорлайди.

Бугун майли, бу дунёнинг зори бўламиз,

Бугун майли, гоҳ паст, гоҳ юқори бўламиз.

Эртанги кун. Иншооллоҳ бизники бўлур,

Эртага биз шу халқнинг шаън, ори бўламиз!