ҲАҚИҚАТ ҚАРШИСИДА

АДИБА МЕҲРИНИСО ҚУРБОНОВАДАН ЯНГИ ҲИКОЯ ЎҚИНГ:

Янги йил ҳикоялари

ҲАҚИҚАТ ҚАРШИСИДА (ҳикоя)

Қаҳратон қишнинг аёзли кунларидан бирида «Руҳшунос» деб ёзилган эшик очилиб, ичкарига навбатдаги мижоз кирди. Ёш бўлсада, кўпни кўрган йигит мижознинг ранги-рўйига қараб дарҳол ташхис қўйди. «Кеча тўйиб ухламаган, улфатчилик кучли бўлибди, бу одам тез-тез ичиб туради, жаҳли анча тез. Йўлакда ким биландир навбат талашиб тортишди, қўпол гап айтди, эшикни тарақлатиб ёпди. Гаплашиш анча қийин кечса керак. Ичадиган одамлар билан суҳбатлашиш азоб. Ярим жинни улар. Оғир кун бўлади бугун» дея юраги зирқиради унинг. На илож? Гаплашиши керак. Мижозига ширин мулозаматда бўлди, у билан саломлашгач ўтиришга таклиф қилди.-Хўш хизмат?-деди руҳшунос унга зимдан тикилиб.-Анчадан бери бошим, белим оғрийди, -шикоят қилди элликларга яқинлашган бу одам.-Нега оилангизда нотинчлик?-Қизиқ, қайдан билдингиз? Фолбинмисиз? -Фолбин эмасман, мен руҳшуносман. Кўп ичасиз. Меъёридан ортиқ даражада ичасиз. Қовоғингиз ости салқиган, шишган, буйракларингиз ёмон ишлайди. Ичасиз, аёлингиз ичманг, дейди. Сиз эса ичишни ташламаяпсиз!-Хотиним билан ажрашмоқчиман!-Тонгдан яхши ният қилинг!- оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайди йигит.-Ажрашиш учун тун билан куннинг нима фарқи бор?-Тонгда қилинган яхши ниятлар албатта, ижобат бўлади.-Хотиним шу гапни кўп айтади. Эрталабдан вайсагани-вайсаган. Мен сизнинг олдингизга нима учун кирганимни айтайми, дўхтир?-Бемалол. Лекин мен дўхтир эмасман, руҳшуносман.-Э, нима фарқи бор? Руҳшунослар ҳам дўхтирдек гап. Одамларнинг калласини даволайди. Шу…кейинги йилларда оиламизда ҳамиша жанжал. Эру хотин ит-мушукмиз. Аёлим бир гапдан қолмайди. Ахир аёл киши дегани… -Қарс икки қўлдан чиқади, -деди руҳшунос.-Иккингизда ҳам айб бор!-Ҳамма айб унда. Эрталабдан ботқоқдаги қурбақага ўхшаб вақиллагани вақиллаган.-Ботқоқдаги қурбақа нега вақиллайди?-Қайдан билай? Ботқоқда яшамаган бўлсам…-Қурбақа ботқоқдан ташқарига чиқади. Олам ёруғ, боғу-роғларга бурканган. Қувончидан вақиллаб юборади, қўшиқ айтади.-Хотиним қўшиқчи эмас, -деди мижоз соддадиллик билан.-Бу билан нима демоқчисиз?-Аёл киши нега вайсайди? Рўзғорнинг каму-кустини тўлдириб қўйинг, дейди. Музлатгич тўла турсин, дейди. Уйингизга меҳмонлар кўп келади-ку. Топган-тутганингизни улфатчиликка совурасиз, дейди.”Тутун чиққан жойдан қолмайсиз”, дейди.-Ие, уйимга кўп меҳмон келишини кайдан билдингиз? У менга ҳар куни худди шу гапларни айтади. Сеҳрли қалпоқчангиз йўқми ишқилиб? Худди уйимга кириб чиққандек гапирасиз-а? Ё, тавба!-Биламан. Чунки кўп ичасиз. Ичадиган одамларнинг эса улфати кўп бўлади.-Ҳақиқатдан ҳам шундай, -тан олди мижоз оғир «уф» тортиб».- Вилоятдан келиб яшаймиз, келди-кетдимиз кўп, ука. Эшикдан шумшайиб кириб келишгандан сўнг нима дейсиз? Ароқ қўймасангиз…бўлмайди. Дастурхонга ҳамма нозу-неъматни қўйиб, шу зормандадан ҳеч бўлмаганда биттагинасини қўймасангиз…-Чунки ичиш ўзингизга ёқади,- унинг гапини бўлди руҳшунос.-Меҳмон келганида кўзларингиз қувончдан чақнаб кетади.-Бу ҳам хотинимнинг гапи!- қийқириб юборди мижоз.-Сизларнинг тилларинг бир, танишмисизлар десам, бу ёққа келишим хотинимнинг тушига ҳам кирмаган.-Сиз тилингизда хотиним билан ажралишаман дейсиз, лекин аслида оилани мустаҳкамлаш учун келгансиз, шундайми?-Ким билади дейсиз? Нега келганимни ўзингиз биласиз. Нима бўлганда ҳам, мени оғир ҳолатдан қутқаринг!-Ичсангиз ҳеч балодан қутула олмайсиз. Баттар бўлса баттар бўлади, лекин яхши бўлмайди. Азоб чекиб яшаш сизга мунча ёқмаса?-Худойим менга қайси гуноҳларим учун мунча азоб бераяпти, дўхтир ука?-Яратганга шак келтирманг. Баттар гуноҳга ботасиз. Худо бандаларини дунё гўзалликларидан, ўйнаб-кулиб завқланиб яшасин, деб дунёга келтирган. Ғамга ботганларни, синовларга бардош беролмаганларни, ношукурларни ёқтирмайди. Ёруғ дунёни ўзимиз зулматга ботирамиз. Сизга нима етишмайди ўзи? Яхши ишингиз бор экан, оилангиз, болаларингиз бор. Қора қозонингиз қайнаб турибди. Нимадан сиқилиб ичасиз?-Хотиним…-Наҳотки бир умр шу хотинингиз билан қийналиб яшаётган бўлсангиз? Бир эслангчи, бахтли, қувончли дамларингизни бир эсланг!-Ҳим… Янги турмуш қурган пайтларимизда бахтли эдик. Фарзандларимиз туғилганида қувонганмиз.-Кейинчи? Ҳаммаси бошдан-оёқ ғурбатми?-Шунақага ўхшайди.-Аёлингиз ёмон, сиз яхшими?-Мен ўзимни оқламоқчи эмасман. Нега нуқул аёлим томонда бўлаяпсиз?-Нега тарафида бўлар эканман? Хотинингиз менинг аммам ёки онамнинг акасининг қизи эмаску! -Тўғри. Нима деяётган эдингиз?-Сиз аёлингизни қоралашдан олдин ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Кунда-кунора ичиб келасиз, келган меҳмонлар билан иккита-учтасини бўшатиб, тонготар қиласизлар. Ичган одамнинг ақли чегарадан ташқарида туради. Бундай пайтда ақл ҳам эгасидан безган бўлади ва танадан ташқарига чиқиб дам олади. Сўнг яна ноилождан жойига қайтишга мажбур. Сизга гапирган билан фойдаси йўқ. Чунки аёлингиздан ҳам кўра ароқни яхши кўрасиз.-Биродар, менинг уйимга кириб чиққандек гапирасиз-а?-Мен сизнинг кўнглингизга кириб чиқдим. Эшигингиздан бир марта кирдиму, дарҳол чарчадим. Сиз бугундан бошлаб ўзгаринг! Ўзгаришингиз керак, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ.-Мен сиздан мадад сўраб келган эдим,- норози бўлди мижоз.-Сиз ҳамма айбни менга тўнкаб қўйдингиз, дилимни оғритаяпсиз.-Сиз бутун дунёдан норозисиз. Бутун дунёга «мен бахтсизман!», дея жар солмоққа тайёрсиз. Бир марта бўлсада, иродали бўлиб кўринг, ака! Бир маротаба бўлса ҳам мен бахтлиман, деб жар солиб кўринг. Кўзларингиз кўраяпти, юриб келдингиз, қўлларингиз ишлаб турибди, сизга яна қандай бахт керак? Келинг, менга хотинингиз билан ўртангизда бўлиб ўтган сўнгги жанжал ҳақида сўзлаб беринг-чи.-Айтишим шартмикан?-Шарт, шарт,- деди руҳшунос.-Анчадан бери менга кўйлак олиб беринг, деб жанжал қиларди. Ҳеч пул орттира олмадим.-Ҳеч олиб берганмисиз?-Нимани?-Кўйлакми, тақинчоқми, бирон совға…-Ёшлик йилларимизда олиб бергандирман. Кейинги ўн йил ичида…йўқ, йўқ, олиб бермабман. Жанжал қилаверди. Кечқурун бўлиши билан юрагим безиллайди. Ўзи ҳам мактабда ишлайди,тунов куни келсам, ишшайиб кутиб олди. “Нега куласан?” десам, янги кўйлак олдим, дейди. Кийиб кўрсатайми, дейди. Шарт эмас, ўзингга ёқса бўлди-да, десам ҳам эринмасдан ичкари уйга кириб кетди ва кийиб чиқди. “Ярашдими, дадаси?” деди.-Сиз ярашди хотин, демадингиз?-Тўппа-тўғри. Ичимдагини қайдан билдингиз? Ҳа айтгандек, сиз руҳшуноссиз-ку. Ичимдаги гапларни ёзуқда кўргандек, кўриб турибсиз. Сиздан қўрққулик… Мен ярашди, демадим. Худди аждаҳонинг устига қоп ёпгандек бўлди, дедим.-Даҳшат!-Нега бундай дейсиз?-Аёл кишига ҳам шундай муносабатда бўласизми? Сизни биров аждаҳо ёки диназавр деса, жаҳлингиз чиқмайдими?-Чиқади. Лекин бунга асос керак-да. Менинг эса асосим бор. Мен ой бошида хотинимга иссиқ сув пуллари уч юз минг сўмдан ошиб кетибди, маошингдан сен тўлайсан, деб шарт қўйган эдим. У эса янги куйлак олибди. Нақ 500 минг сўмга!-Одамлар аёлига 100-200 долларлик , балки ундан ҳам қиммат кўйлаклар, тақинчоқлар олиб беришади. Шунча йил хизматингизни қилган аёлга ҳиммат кўрсатсангиз нима бўпти?-Бойлар шундай қилиши мумкин, ука! Хотиним кўрпасига қараб оёқ узатсин-да!- Кейин-чи? Кейин сиз нима дедингиз? -Уйнинг тўловларини кейинги ойда сен тўлайсан, деб шарт қўйган эдим. Рози бўлувди. Энди эса маош олган-у Отчопар бозорига жўнаган. Қаранг! Одам ҳам шунчалик ақлсиз бўладими-а? Кийган кўйлагини мақтамадим. Биласизми, яна нима дедим? «Худди даладаги қўриқчига кийим ёпиб қўйилгандек бўлди», дедим.-Нега бундай дедингиз? Бекор бундай дебсиз? Шунчалик озғинми?-Йўқ, озғин эмас. Дўмбоқ! Атайлаб шундай дедим. Мақтов кутаётган хотиним бир зум менга бақрайиб тикилиб қолди. Кейин менга қараб,”Сиз мени кўролмайсиз”, деди. Мен-а? Мен хотинимни кўролмайманми?-Сиз бу ўринда нотўғри иш қилгансиз-да?-Нега?-Олган бўлса ўзининг ишлаб топган пулига олган. Бунга у ҳақли. Аёл киши ҳам ўзига қараши, яхши кийиниб юриши керак-ку ахир?-Тўғри. Лекин бу ёқда шунча сарф-ҳаражатлар турганида унинг мендан сўроқсиз иш тутиши…қайси эркакка ёқади? Шундан бери мен билан гаплашмайди. Ўн икки кун бўлди. Нечта болангиз бор укам?-Нега сўраяпсиз?-туйқусдан берилган саволга нима деярини билмай қолди руҳшунос. – Очиғи, ҳали уйланмаганман.-Йўғ-е, сиз билан гаплашган одам камида икки боланинг отаси, деб ўйлайди.-Мен ўттиз ёшдаман. Лекин уйланганим йўқ.-Демак, эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларни чуқур ўрганиб, ҳаётни, турмуш қуриш қоидаларини англаб етиб, кейин уйланмоқчисиз, шундайми? -Балки, -деб қўйди йигит.-Мен ҳали дардимни оила қурмаган йигитчага айтиб ўтирган эканман-да?-Бу – менинг касбим. Институтда шу соҳада, беш йил ўқиганман. Уйланмаган, менга ақл ўргатишга тажрибасизлик қилади, деб норози бўлсангиз, ёши улуғроқ руҳшуносга учрашинг, ака!-Ие, ие, сиз мендан хафа бўлманг укам, -деди мижоз довдираб.-Хотин кўрган- хотин кўрганнинг дардини яхши билади, дейман-да.-Ҳамма хотин кўрганлар ҳам аёлининг устидан шикоят қилиб келмайди-да. Кимлардир уйқусизликдан, кимлардир сиқилишдан, яна кимдир ўз-ўзидан асабийлашганидан шифо истаб, мадад истаб бу ерга келишади. Биз маслаҳатимизни аямаймиз.-Ука, мен сизга бир сирни очаман, -деди эркак. –Ўша сиқилган одамларнинг деярли барчаси оиладаги муаммолар туфайли келишади. Буни сиз тушунинг-да. Кимдир аёлидан, яна кимдир эридан норози…-Худди шундай, -деди руҳшунос.-Бундай инсонларни ҳар куни кўрасиз, Шунинг учун уйланишдан чўчиб қолгансиз.-Чўчиб қолдим,- тан олди руҳшунос.-Ана айтдим-ку! Атрофингизда парвона бўлганлар борми?-Парвона, дейсизми?-Қизларни айтаман, -кулди мижоз.-Қизлар дейсизми?-мийиғида жилмайди йигит.- Илгари бир-иккитаси билан шунчаки учрашганман. Кино-пиноларга борганмиз, музқаймоқ-пузқаймоқ деганларидек…Ҳозир йўқ. Бунга вақт ҳам йўқ. Институтни тугатдим-у, шу ерга ишга келдим. Мендан кейинги укам уйланди. Боласи ҳам бор. Ота-онам уйлантириш ҳақида гапиравериб чарчашди. Ота-онам бир умр жиққамушт бўлиб яшашган, бугун ҳам шундай. Қариган чоғларида босилиб қолишар, дегандим. Йўқ, баттар бўлишди! Яхшиям укам алоҳида яшайди. Назаримда ота-онам қутбнинг икки чеккасида яшашади. Бир уйда яшашади-ю лекин бир-бирларига бегона. Отам ўзини бир умр ҳақ деб билади, онам ҳам шундай. Қулоқ солсам иккаласи ҳам ҳақдек туюлаверади. Мен уларни қоралай олмайман. Ахир ота-онам…Ахир… бу қандай ҳаёт бўлди? Наҳотки эру хотинлик деганлари шу бўлса?-Сабабларини ахтариб кўрмадингизми?-Ота-онамни муҳокама қилишга ҳаққим йўқ. Лекин…сабабини сўрадингиз, мен айтаман. Биринчидан, уларнинг оиласи муҳаббат асосига қурилмаган. Иккинчидан, отам бақироқ, онам эса гап қайтаришдан тилини тиймайди. Мен сендан камми, дейди. Ўйлаб кўринг-да ака, Аллоҳ нега Отам Ато билан Момо Ҳаввони ерга туширди? Қилган гуноҳлари учун. Ҳа майли, сиз менга дардингизни айтгани келдингизми ёки менми?-Менга қаранг ука, барибир уйланишингиз керак, -жон куйдира бошлади мижоз.-Ахир одамнинг ортидан зурриёд қолиши керак-ку.-Мана, сиз оилалисиз. Зурриёдларингиз бор, лекин ўзингизни бахтли ҳис этмаяпсиз-ку.-Менинг йўриғим бошқа ука, балки айб ўзимдан ҳам ўтгандир.-Ҳайрият-ей, тан олдингиз. Ўша кўйлакни аёлингизга сиз олиб беришингиз керак эди аслида! Олиб бермагансиз ва бунинг устига сенга ярашмади, деб қўпол гапиргансиз. Онаси, жуда ярашди, муборак бўлсин, дейиш шунчалик қийинми? Аёл киши икки оғиз ширин сўзнинг гадоси бўлади.-Э, қўйсангизчи ўша кўйлакни!-Энди келинойидан узр сўранг!-Мен-а? Мен хотинидан узр сўрайдиган эркакка ўхшайманми? Менинг отам ҳеч қачон аёл кишини тан олмаган. Жаҳлини чиқарганида қамчи билан яхшилаб савалаган. Ота-онам оламдан ўтиб кетишди. Лекин ўша қамчи эса ҳалиям бор. Ўша одамнинг фарзанди мен бўлганимдан кейин…-Бўлмаса… бир умр мана шундай қирпичоқ бўлиб яшайверасизлар, -сигарет тутатди йигит.- Сиз ўзингизни дунёдаги энг бахтсиз эркак деб биласиз, аёлингиз ҳам…-Хўш, мендан нима истайсиз ўзи?-чеккиси келди мижознинг.-Келишиб яшаш керак. Бахтли яшашнинг энг осон усули шу. Кўниб, ёнингдагини кўниктириб яшаш. Мен сиз билан ўн марта, юз марта суҳбат олиб борганим билан ўзгартира олмайман, билдингизми? Ўзгариш ўз қўлингизда. Инсон ўзини ўзгартириши керак. Ёмон феълини ўзгартирмаса бахтли бўла олмайди. Бахтнинг чўққисига ҳеч қачон чиқа олмайди.-Бахтнинг чўққисига чиқиш қийинми?-деди мижоз нима деярини билмай.- Неча йил керак?-Сира қийин эмас, бунинг учун ҳафталар, ойлар, йиллар ҳам керак эмас. Ярим соат, бир соат ичида бахтиёр бўлишингиз мумкин, ака. Мени тўғри тушунинг-да.-Билсангиз йўлини ўргатинг-да укам! Шунинг учун олдингизга келгандирман.- Остонада Янги йил. Сиз ҳозир бориб гулдаста сотиб олинг. Қиммат бўлиши шарт эмас. Беш-олти минг сўмга ўртача гулдаста беради. Агар яна пулингиз бўлса, беш минг сўмга атир харид қилинг. Аёлингиз неча йилдан бери хизматингизда, сизга фарзандлар ҳадя этган. Фарзандларингиз туғилганида мен ота бўлдим, деб қувонгансиз. Ака, аёлингиз эллик минг сўмга арзимабдими?-Ҳим…Нега арзиса керак?-Мен ҳали ёшман. Сизга ақл ўргатишга ҳаққим йўқ. Биз инсонларни манманлик, кибр адои-тамом қилади. Мен бу ерда анча вақтлардан бери ишлаяпман. Одамларни тинглай-тинглай шу хулосага келдим. Ичимиздаги менимиз “Эркакман, келиб-келиб аёлнинг олдида хам паст кетаманми, сен бўлмасанг бошқаси”, деган ёки аёл кишилардаги “Келиб-келиб эримнинг олдида паст кетаманми, ахир ҳуқуқимиз бир-ку, ажрашсам ажрашавераман, қайтага тинч яшайман, болаларни бир амаллаб боқиб оларман”, деган фикр одамни хароб қилаяпти, ўлдираяпти. Одам бир умр шу бўлмағур фикрлар билан ўзини ўлдиради, куйдиради, кул қилади. Лекин юрагидаги кибр ҳеч қачон куймайдиям, ўлмайдиям. Кибрнинг қули бўлиб юраверишади. Кибр уларни шайтоннинг йўриқномаси асосида тарбиялаяпти. Чунки инсоннинг ўзи буни истамаган. Менинг олдимга кўпинча фақат бахтсиз одамлар келишади. Бунга уларнинг ўзлари айбдор! Ахир Аллоҳ биз бандаларини нима учун бу дунёга келтириб қўйди?-Барибир тўла-тўкис бахтли бўлиш учун кафолат йўқ-да. Бир кам дунё, дейдилар.-Сиз шундай дея-дея, ўз фалсафангизни яратиб бўлгансиз, ака. Лекин буни ўзгартириш ўз қўлингизда.-Нима, аёлимга бориб мени кечир, деб ялинайми? Мақсадингиз шуми?-Ака, сиз мени мутлақо тушунмабсиз. Эссиз вақт…Хайр, яхши боринг!-Ие, менга бирон маслаҳат бермайсизми?-Мен ҳамма гапимни айтиб бўлдим, -деди руҳшунос.-Яхши боринг!-Ахир маслаҳатга пул тўлашим керак…-Пулингиз керак эмас. Бир соат ичида одамни ўзгартириб бўлмайди. Бу – сизнинг ҳаётингиз. Мен айтадиган гапимни айтиб бўлдим. Ташқарида одамлар кутиб турибди! Кутишавериб, сабри-тоқатлари тошавериб дарё бўлиб кетгандир.Мижоз индамай ташқарига чиқди. Йўлакда кутиб ўтирган икки аёл унга шундай ўқрайиб тикилишдики… Ҳовлига чиқди ва қор босган, эгилиб-букилган дарахтларга қараб чуқур уйга толди. Совуқдан эти жўнжиккандан жўнжикди. ”Мен келиб-келиб ҳали уйланмаган ёш йигитдан маслаҳат олдимми? Хотин олиб кўрсин, кейин билади турмуш нима эканлигини? Кўнглимнинг кўчаси! Ўлсам ўламан, лекин хотин зотига икки дунёда ялинмайман. Қайтага азоблайман, ҳар қадамда тергайман, шунда тузук хотин бўлади. Агар чидамаса жавобини бераман!… ”Эртаси куни у яна руҳшунос ҳузурида пайдо бўлди.

Мехринисо Курбонова